Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzДва мнения о порядке выплаты компенсации за задержку выплаты дохода работникам Как уведомления по итогам автокамерала отличать от «неавтокамеральных» Как рассчитать НДФЛ и взносы на ИНПС за апрель 2024 года Как работать с резервом по сомнительным долгам

Банкротлик: кредиторлар турли ваколатли гуруҳларга ажратилди

08.01.2020

Читать на русском языке

 

«Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга бир қатор тузатишлар киритилди (13.12.2019 йилдаги ЎРҚ-594-сон Қонунга қаранг).

 

Аввало, қонунда илгари киритилиши мўлжалланган ўзгартиришлар акс эттирилди. Хусусан, банкротлик аломати бўлган қарздорга қўйиладиган жами талаблар миқдори камайтирилди:

  • юридик шахсларга нисбатан – 500 БҲМдан 300 БҲМга;
  • мақомини йўқотган якка тартибдаги тадбиркор ёки жисмоний шахсга нисбатан – 30 БҲМдан 20 БҲМга.

 

Энди давлат олдидаги пул мажбуриятлари бўйича қарзи бўлган давлат улушига эга ташкилотларни банкрот деб тан олиш тўғрисидаги ариза билан Давлат активларини бошқариш агентлиги (банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи) ҳам мурожаат қилиши мумкин.

 

Бир турдаги кредиторлар тушунчаси киритилди. Бу қарздорга нисбатан бир хил талабларга эга бўлган ва уларни қаноатлантиришда бир-бирига нисбатан имтиёзга эга бўлмаган кредиторлар гуруҳидир. Бир турдаги кредиторлар қуйидаги 5 та гуруҳга бўлинади:

биринчи гуруҳ — қарздорнинг гаров билан таъминланган мажбуриятлари бўйича кредиторлар;

иккинчи гуруҳ — қарздорга нисбатан гаров билан таъминланмаган шартномалардан, маҳсулот етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек мажбурий суғурта ва банк кредитларини суғурталаш шартномаларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича кредиторлар;

учинчи гуруҳ — мажбурий тўловлар бўйича кредиторлар;

тўртинчи гуруҳ — меҳнат шартномаларига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш ва компенсациялар тўлаш бўйича, алиментлар ундириш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун ҳисобварақдан пул маблағларини ўтказишни ёки беришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича, муаллифлик шартномалари юзасидан ҳақ тўлаш бўйича, қарздорнинг меҳнатга оид муносабатлардан ва уларга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи тўловлар ҳамда талаблар бўйича мажбуриятлари тенг даражада бажарилишини таъминлайдиган талаблар, шунингдек фуқароларнинг жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида ўз мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга доир талаблари бўйича кредиторлар;

бешинчи гуруҳ — ҳисобланган дивидендлар бўйича қарздорнинг акциялари эгалари.    

 

Улар кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатлари доирасида турли ваколатларга эга бўладилар. Биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари қуйидаги масалаларни кўриб чиқишда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади:

  • келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор;
  • кредиторлар қўмитаси аъзоларини сайлаш, қўмитанинг миқдорий таркибини белгилаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарор;
  • суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш ва уларнинг муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;
  • қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор;
  • суд санациясининг режасини тасдиқлаш ҳамда қарзларни узиш жадвалини маъқуллаш ҳақидаги қарор;
  • ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор.

 

Учинчи гуруҳ фақат келишув битими тузиш ва кредиторлар қўмитаси аъзоларини сайлаш, қўмитанинг миқдорий таркибини белгилаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги масалалар бўйича овоз беришга ҳақли. Тузатишлар матни бўйича тўртинчи ва бешинчи гуруҳ кредиторларига овоз бериш ҳуқуқи тақдим этилмаган.

 

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир гуруҳ кредиторлари овоз беришда тенг даражада иштирок этадилар. Бунда ҳар бир кредиторлар овозининг «салмоғи» ўзгаришсиз қолдирилди – у йиғилиш ўтказиш санасидаги умумий кредиторлик қарзидаги улушига мутаносиб бўлади. Кредитор ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган суд қарори, кредиторлар йиғилишининг қарори, суд бошқарувчисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек банкротлик таомилини амалга ошириш чоғида суд бошқарувчиси кредиторнинг талабларини қаноатлантиришни рад этганлиги устидан шикоят беришга ҳақли.

 

Ўз навбатида, қарздор ходимларининг вакили, суд бошқарувчиси, қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Улар, худди илгаригидек, кредиторлар йиғилишида ва кредиторлар қўмитасининг мажлисларида, бироқ овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этишлари мумкин.

 

Иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тезлаштирилди. Бунга ажратилган муддат 2 ойдан 1 ойгача қисқартирилди (қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритувига қабул қилинганлиги ҳақидаги ажрим чиқарилган санадан бошлаб, таҳр. изоҳи). Бироқ ишларнинг кўриб чиқилиши, илгаригидек, 2 ойдан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкин (истисно ҳолатларда, таҳр. изоҳи). Бунда корхонанинг раҳбарига ёки муассисларига (иштирокчиларига) ёхуд мулкдорига нисбатан корхонани банкротликка олиб келган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун жиноят иши қўзғатилган тақдирда банкротлик тўғрисидаги ишни юритиш жиноят ишлари бўйича суд томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича қарор қабул қилингунига қадар тўхтатиб турилади.

 

Қонунда назарда тутилган алоҳида таомилларга тааллуқли бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, суд санацияси ва ташқи бошқарув энди банкротлик таомили ҳисобланмайди – бу тўлов қобилиятини тиклаш таомили бўлади. Улар иқтисодий суд томонидан қўлланилиши учун биринчи ва иккинчи гуруҳдаги ҳар бир кредиторларнинг кўпчилик овози талаб этилади. Илтимосномалар қаноатлаштирилган тақдирда, муваққат ва санация қилувчи бошқарувчи лавозимига номзодлар суд бошқарувчилари касбий бирлашмалари томонидан ҳам киритилиши мумкин. Муваққат ва санация қилувчи бошқарувчи кредиторга қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни 10 кунлик муддатда тақдим этиши шарт.

 

Тугатиш жараёни бўйича:

а) тугатишга доир иш юритиш муддати 1 йилдан 9 ойгача қисқартирилди (бу Президентнинг 1 февралдаги қарорида ҳам назарда тутилган эди);

б) муддат кўпи билан уч ойга узайтирилиши мумкин;

в) муддатни узайтириш учун асос бўладиган қуйидаги ҳолатлар қайд этилди:

  • иқтисодий суд ишини юритишда қарздор юридик шахснинг ёки унинг кредиторларининг мулкий манфаатига дахл қилувчи ишнинг мавжудлиги;
  • қарздор юридик шахснинг реализация қилинмаган мол-мулки мавжудлиги, бундан банкротлик тўғрисидаги ишларни тугатиш учун асослар мавжуд бўладиган ҳоллар мустасно;
  • сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш, қарздорнинг мансабдор шахслари томонидан қарздор юридик шахснинг ва унинг кредиторларининг манфаатларига қарши бошқа ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар содир этилганлиги аломатлари бўйича жиноят ишининг мавжудлиги;
  • тугатиш бошқарувчисининг тугатиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш рад этилганлиги тўғрисидаги иқтисодий суднинг ажримида кўрсатилган қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда;
  • банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда;

г) қарздорга нисбатан унинг фаолиятини тўхтатмасдан тугатишга доир иш юритиш амалга оширилганда, бироқ икки ҳисобот чораги якунларига кўра фаолиятдан кетма-кет зарар кўрилган бўлса, бундай иш юритиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилади ва иқтисодий суд тугатишга доир иш юритишнинг умумий таомилига ўтиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. 

 

Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.12.2019 йилдан кучга кирди. 

 

Олег Заманов.


kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах