Ёнғин аудитининг ижобий хулосаси объектни бир йил давомида ФВВнинг режали текширувларидан озод қилади. Бозорлар, савдо ва савдо-кўнгилочар марказлари ёнғиндан суғурталаниши шарт бўлади, ёнғин туфайли етказилган зарар учун айбдор шахс БҲМнинг 3000 бараваригача товон тўлаши мумкин.
Техноген фавқулодда вазиятлардан кўрилган зарарни баҳолаш ва қоплаш қандай амалга оширилади
Техноген авария ва ҳалокатлар натижасида аҳолига етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш механизми тасдиқланди. Бу мақсадлар учун махсус компенсация фондлари ташкил этилади. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига БҲМнинг 500 бараваригача, оғир тан жароҳати олган жабрланувчиларга эса соғлиққа етказилган зарарнинг оғирлик даражасига қараб БҲМнинг 200 бараваригача бир марталик тўлов назарда тутилган.
Тиббиётга аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади
Президент қарори билан давлат тиббий хизматларини кўрсатишга хусусий тиббиёт ташкилотларини жалб қилишнинг янги механизмлари назарда тутилган. 2027 йил 1 январдан бошлаб аутсорсинг шартларида клиник ва ёрдамчи хизматларни харид қилишнинг янгиланган тартиби жорий этилади, 2030 йилгача эса уларнинг улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилган.
Экстремизм учун жавобгарлик чоралари ўзгартирилди
Экстремистик ташкилотларда иштирок этиш ва уларни тузганлик учун энди турлича жазо белгиланди. Экстремистик материалларни биринчи марта тайёрлаш ва сақлаш учун эса маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Адлия вазирлиги экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестрини юритади.
Мукофот жамғармаси 5 млн АҚШ доллари бўлган халқаро стартаплар танловини ўтказишга тайёргарлик бошланди
2027 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистонда хорижий инновацион лойиҳаларни жалб қилиш ва мамлакат стартап тизимини ривожлантиришга қаратилган "Land of Startups" ("Стартаплар макони") халқаро танлови ўтказилади. Танлов сунъий интеллект, молиявий ва рақамли технологиялар, креатив саноат ва саноат ечимлари каби бешта йўналишни қамраб олади.
Илмий-инновацион ташкилотлар реестри тузилади
Илмий-инновацион фаолият субъектлари реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат мутахассисларга илмий идентификация рақамларини бериш, тегишли ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият йўналишларини ҳисобга олишни назарда тутади.
Эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан тўлаб берилади
2026 йил ноябрь ойида айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам тўлаб берилади. Ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича компенсация олиш учун даромад чегараси жон бошига минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаригача оширилди.
Хусусий тадбиркорларнинг камералари хавфсизлик камари тақилмаганлигини қайд этади
Йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситаларига қўйиладиган талаблар янгиланди. Камералар автомобиллар давлат рақами белгиларининг камида 95 фоизини таниши, ҳайдовчининг юзи ва хавфсизлик камаридан фойдаланишини қайд этиши лозим. 1 ноябрдан бошлаб йўл-патруль хизмати инспекторлари 1.1 ва 1.3 йўл чизиқларини босиб ўтишнинг айрим ҳолатларини ҳуқуқбузарлик сифатида расмийлаштирмайди.
Ёшларнинг стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилмоқда
Ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш воситалари кенгайтирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2026 йилдаги 598-сон қарори билан IT- мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг стартап лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ва "Yoshlar Ventures" венчур фонди орқали қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш назарда тутилган.
Аҳоли учун суюлтирилган газ нархлари тасдиқланди
Суюлтирилган газ етказиб бериш тизимига босқичма-босқич бозор механизмлари жорий этилади. 15 ноябрдан аҳоли учун чакана нарх бир килограмми учун 5 000 сўмни ташкил этади. Бунда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар 2030 йил 1 январга қадар харид қилинган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўмдан, бироқ ойига 20 килограммдан дан ошмаган миқдорда компенсация олишлари мумкин.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар ҳар икки йилда камида бир марта малака оширади.
Вазирлар Маҳкамасининг 28.10.2026 йилдаги 594-сон қарори билан давлат органлари ва ташкилотларининг киберхавфсизлик соҳасидаги мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тасдиқланди. Ўзбекистонда тан олинган хорижий сертификатларга эга бўлган мутахассислар мажбурий малака оширишдан озод этилади.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари бир марталик ёрдам олади
Президентнинг 28.10.2026 йилдаги ПФ-236-сон Фармони билан 2026/2027 йилги иситиш мавсумида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун 1 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратиш кўзда тутилган. Тўловлар 2026 йил ноябрь ойида амалга оширилади. Шунингдек, коммунал харажатлар ва кўмир хариди учун компенсация тақдим этиш мезонлари кенгайтирилмоқда.
Сув олиш тартибини бузганлик учун жарималар: улар қандай ҳисобланади ва қандай қилиб икки баравар кам тўланади
2026 йил 22 октябрдан бошлаб сув олиш тартибини бузганлик учун молиявий санкциялар тўғрисидаги янги Низом (21.10.2026 йилдаги ВМҚ 585-сон) кучга киради. У санкцияларни қўллаш тартибини, ҳисоб-китоб формуласини ва ихтиёрий тўловда «имтиёзлар»ни белгилайди.
Сув омборларида туризмни ривожлантиришга қаратилган бизнес учун имтиёзлар жорий этилмоқда
Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш чоралари белгиланди. Туристик хизматларни ташкил этувчи тадбиркорлар ер солиғи ва мол-мулк солиғининг 50 фоизлик ставкаларидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Банклараро тўловларни қайта ишлаш учун ягона тўлов свитчи жорий этилмоқда
Марказий банк миллий тўлов свитчи орқали чакана тўловларни амалга ошириш қоидаларини тасдиқлади. 2027 йил 25 январдан янги қоидалар асосида иш бошлайдиган тизим банк карталари ва электрон пуллардан фойдаланган ҳолда миллий валютадаги банклараро тўловларни туну кун қайта ишлаш ва клиринг қилишни таъминлайди.
Янгича смета: қурилиш компаниялари 2027 йилдан бошлаб нималарга тайёргарлик кўришлари керак
Вазирлар Маҳкамасининг 21.10.2026 йилдаги 583-сон қарори қабул қилинди, унда пудрат ташкилотларининг смета қийматини шакллантириш, бошқа ва ишлаб чиқариш харажатларини ҳисоблаш ёндашуви ўзгартирилди. Ҳужжат Миллий ахборот тизимидаги жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш ва харажатларни стандартлаштиришга қаратилган.
Лойиҳа-қидирув ишлари қиймати ягона мезонлар асосида ҳисобланади
Бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар учун лойиҳа-қидирув ишлари қиймати ва муддатларини ҳисоблашнинг ягона тартиби жорий этилмоқда, лойиҳа ташкилотларига эса 30 фоиз миқдорида бўнак тўланади.
Иссиқхона хўжаликларининг экологик хавфсиз фаолият юритиши қандай таъминланади
Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2026 йилдаги 586-сон қарори билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қатор туманларидаги иссиқхона хўжаликлари учун махсус экологик тартиб жорий этилди. Қаттиқ ёқилғидан фойдаланадиган иссиқхоналар 2026 йил 1 декабрга қадар муқобил иситиш турларига ўтишлари ёки белгиланган экологик талабларга риоя этилишини таъминлашлари шарт.
ОТМ ва стартаплар Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланади
Олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ва ҳоким маслаҳатчилари сунъий интеллект соҳасидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳисоблаш қувватлари ва «катта маълумотлар» базаларидан бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиши мумкин бўлади.
Хориждаги ватандошларни таклиф қилиш ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларга биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш регламентлари тасдиқланди. Аризаларни ЯИДХП ва ДХМ орқали топшириш мумкин.




