Вазирлар Маҳкамасининг 25.05.2026 йилдаги 275-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги дастури тасдиқланди.
30.01.2025 йилдаги "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-16-сон Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган экологик мониторинг давлат дастури ишлаб чиқилди.
Давлат мониторинги қуйидагиларни ўз ичига олади: табиий муҳитнинг ифлосланиш даражасини аниқлаш, унинг экологик ҳолатини баҳолаш, салбий жараёнлар оқибатларини, табиий муҳитнинг биотик ва абиотик компонентлари ҳолатини, уларнинг ифлосланиши ва бошқа зарарли таъсирларни прогноз қилиш.
Табиий муҳит ва табиатдан фойдаланишнинг биотик ва абиотик компонентлари, шунингдек табиий муҳитга таъсир этувчи табиий, техноген ва табиий-техноген омиллар ҳамда манбалар мониторинг объектлари ҳисобланади.
Экология қўмитаси Дастурда назарда тутилган вазифаларни бажаришда вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Чуқур таҳлил асосида ҳар уч йилда атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги бюллетень ҳамда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит ҳолати ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги миллий маъруза чоп этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



