Тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни комплекс кўрсатиш тизими жорий этилади Президентнинг 13.12.2025 йилдаги ПҚ-375-сон қарорида тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни комплекс кўрсатиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари белгиланган.
Ҳужжат билан қуйидаги мақсадлар белгиланди:
- "ягона дарча" тамойили асосида мингдан ортиқ давлат ва хусусий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш орқали тадбиркорлар фаолиятини тўлақонли қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;
- тадбиркорларнинг савол ва муаммоларини жойида айтиш, муҳокама қилиш ва ҳал қилиш учун сифат жиҳатидан янги майдон яратиш.
2026 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича "Бизнес ҳамроҳ" лойиҳасини амалга ошириш бошланади, унинг доирасида:
- дастлабки босқичда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида биттадан "Бизнес ҳамроҳ" марказлари ташкил этилади;
- тадбиркорлик субъектларига давлат ва хусусий хизматларни кўрсатиш давлат хизматлари марказлари биноларида ёки зарур функционал имкониятларга эга бўлган янги қурилган (реконструкция қилинаётган) биноларда ташкил этилади.
Бунда хусусий хизматлар кўрсатиш учун жойлар тадбиркорлик субъектларига тегишли хизмат тури аниқ кўрсатилган ва кичик лотларга бўлинган ҳолда 1 йилгача бўлган муддатга ижарага берилади.
"Бизнес ҳамроҳ" марказлари хизматларни тижорат асосида кўрсатади ва улар учун тўлов миқдорини мустақил равишда белгилайди. Уларга балансда сақловчининг розилиги билан уларга ажратилган бинода хизмат кўрсатиш учун жойларни иккиламчи ижарага беришга рухсат этилади.
ССП ва Адлия вазирлиги "Бизнес ҳамроҳ" марказлари фаолиятини услубий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга масъул ҳисобланади.
ССП "Бизнес ҳамроҳ" электрон платформасини, шунингдек, хизматлардан фойдаланишда юзага келган саволлар ва муаммолар бўйича мурожаатларни қабул қилиш, маслаҳат бериш ва ҳал қилиш учун "Сall-марказ"ни ишга туширади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб "Бизнес ҳамроҳ" марказларида республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқотлари ҳам ўтказилади.
Учрашувлар давомида илгари сурилган ва "Бизнес ҳамроҳ" марказининг "Саll-маркази"дан келиб тушган мурожаатлар "Тадбиркор виртуал офиси" ахборот порталига киритиб борилмоқда. Улар кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ваколатли органларга юборилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва давлат хизматлари кўрсатилиши устидан белгиланган тартибда назоратни амалга оширади.
Учрашувлар сони, кўтарилган масалалар, ҳал этилган мурожаатлар каби кўрсаткичлар асосида раҳбарлар фаолиятига баҳо берилиб, ҳар чоракда уларнинг рейтинги платформада эълон қилиб борилади.
Ҳужжат билан "Бизнес ҳамроҳ" лойиҳасини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





