Президентнинг 17.04.2026 йилдаги «Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-63-сонли Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2026 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги имкониятларни тақдим этувчи «Ягона давлат назорати» АТ ва унинг мобил иловасини ишга тушириш кўзда тутилган:
- туман (шаҳар) ҳокими, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори ва солиқ инспектори тўғрисида маълумот олиш ҳамда уларга мурожаат қилиш (чат форматида);
- ўтказилган текширувлар ва мулоқотлар натижалари бўйича давлат хизматчисининг ҳаракатларига баҳо бериш;
- текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаган назоратчи тўғрисида тадбиркорни хабардор қилиш (огоҳлантириш);
- текширув ўтказиш учун махсус гувоҳномаларнинг электрон шаклини юритиш;
- текширувларга риоя этмаслик ҳолатларини автоматик тарзда аниқлаш;
- текширувларни тадбиркорлик субъектининг махсус QR-коди ёхуд ЖШШИР орқали рўйхатдан ўтказиш;
- давлат органлари мансабдор шахсларининг кутилаётган оммавий қабуллари тўғрисида хабардор қилиш.
Давлат хизматчисининг тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бинога назорат ёки профилактика тадбирини ўтказиш мақсадисиз ташриф буюриши ёхуд тадбиркорлик субъектини давлат органи номидан ёки ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бошқа жойга чақириши назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқот (диалог) деб эътироф этилади.
Мулоқот тўғрисидаги маълумотларни «Ягона давлат назорати» АТга киритиш давлат хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади ва ушбу талабга риоя этмаслик хизмат текширувини ўтказиш учун асос бўлади.
2026 йил 1 августдан бошлаб назорат тартиб-таомилларини рақамлаштириш доирасида текширувларда иштирок этадиган ёки тадбиркорлар билан мулоқотга киришадиган давлат хизматчилари томонидан «Ягона давлат назорати» АТ мобил иловасидан мажбурий фойдаланиш тартиби белгиланади, текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи қоғоз шаклидаги гувоҳномалар бекор қилинади.
«Бизнес ҳимоя» QR-кодини жорий этиш доирасида тадбиркорлик субъектининг текширувларни рўйхатга олиш электрон журналини тақдим этиш тартиби бекор қилинади.
Текширув бошланишидан олдин мансабдор шахс «Ягона давлат назорати» АТ ёрдамида тадбиркорлик субъектида жойлашган «Бизнес ҳимоя» QR-кодини сканерлаш орқали текширувни рўйхатдан ўтказади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида бир йўла композит тартибда «Ягона давлат назорати» АТда уларнинг шахсий кабинети ҳам автоматик тарзда очилади.
Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2026 йил 17 апрелдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова



