Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2021 йилдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги 774-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон ҳамда 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон фармонларига мувофиқ қабул қилинган.
Ушбу ҳужжат билан Ҳукуматнинг қарорларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
биринчидан, Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисида низомнинг (Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 130-сон қарори билан тасдиқланган) 5-банди янги таҳрирда белгиланган бўлиб, унга мувофиқ жисмоний шахсни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали амалга оширилади.
Иккинчидан, Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган) қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
- лицензия талабгорининг аризасини кўриб чиқиш муддати қисқартирилди. Илгари бу муддат 20 кун бўлган бўлса, ҳозир эса 10 иш кунини ташкил қилади.
- адлия органи томонидан лицензияни қайта расмийлаштириш ва дубликат бериш муддати қисқартирилди. Аввалги таҳрирда бу муддат 3 кунни ташкил этган бўлса, янги таҳрирда 2 иш куни белгиланган.
- ҳар хил йиғимлар бекор қилинди. Янги таҳрирда лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг адлия органи томонидан кўриб чиқилиши, шунингдек лицензиянинг дубликати берилганлиги учун йиғимлар назарда тутилмаган.
Учинчидан, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Низомнинг 48-банди ариза берувчилар қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилган кундан бошлаб беш иш куни ичида давлат божи тўламаган ҳолда қайта рўйхатлан ўтиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги банд билан тўлдирилди. Шунингдек, рўйхатга олиш гувоҳномасини бериш учун БҲМнинг 10% ундирилади (илгари – 1 БҲМ)
Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.12.2021 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.