Президентнинг 19.05.2025 йилдаги "2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-186-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистонда 2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашишнинг асосий мақсадлари белгиланди:
- болалар саратонини эрта босқичларда аниқлаш ҳолатлари улушини 65 фоизгача етказиш, шунингдек онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган болаларнинг бир йиллик яшовчанлигини 34 фоиздан 90 фоизгача, беш йиллик яшовчанлигини эса камида 60 фоизгача ошириш;
- саратон касаллигига чалинган болаларни 100 фоиз ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олиш;
- онкогематологик касалликларга ташхис қўйиш муддатларини 4 кунгача, онкологик касалликларга ташхис қўйиш муддатларини 14 кунгача қисқартириш;
- онкологик ва онкогематологик касалликларни даволашни 10 кундан 20 кунгача бўлган муддатда бошлаш;
- бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида болалар саратони белгиларини аниқлаш учун шароитлар яратиш;
- кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, устувор тартибда ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар саратонига қарши курашишнинг барча бўғинларида жараёнларни рақамлаштириш.
2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон миллий стратегияси халқаро экспертлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иштирокида ишлаб чиқилди. Стратегиянинг устувор вазифалари – саратон (онкологик, онкогематологик) касалликларга чалинган болаларни профилактика қилиш, ташхислаш, эрта аниқлаш, даволаш ва парваришлаш тизимини қуйидагилар орқали такомиллаштириш:
- тиббиёт бригадаси ходимларининг саратон касалликларига шубҳаларни аниқлаш учун сўровнома, тиббий кўрик ва бирламчи скрининг ўтказиш бўйича малакасини ошириш;
- барча туман ва шаҳарларда саратон ва бошқа касалликларни эрта босқичларда ташхислаш имконини берувчи зарур ускуналар билан жиҳозланган марказий лаборатория хизматини ривожлантириш;
- саратонга шубҳа қилинган болаларни тезлаштирилган ҳолда ташхислаш ва даволаш тизимини ("яшил" йўлак) жорий этиш, бунда болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизматининг бутун вертикали бўйлаб беморларни йўналтириш регламентига риоя қилиш;
- тиббий маълумотларни бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, тиббиёт ходимларини АКТ қўллашга ўқитиш ва бошқалар.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2025-2026 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ва мақсадли кўрсаткичлар;
- Қорақалпоғистон ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари учун қўшимча биноларни қуриш режаси;
- Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига қарашли тиббиёт муассасалари ва болалар шифохоналарини жиҳозлаш учун тиббий асбоб-ускуналар рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова