Президентнинг 15.05.2025 йилдаги «Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 183-сон қарори қабул қилинди.
Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар, жумладан, аудиовизуал ва санъат асарлари, ноширлик ва рақамли маҳсулотларни ривожлантириш ва оммалаштиришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган:
- болаларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаси, табиатни асраб-авайлаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва она Ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга хизмат қилувчи контентлар яратиш ҳамда уларни таълим ва тарбия дастурлари билан интеграция қилиш;
- чет эл контентларининг болаларнинг онги ва қалбига таъсирини мунтазам таҳлил қилиб бориш, зарарли трендлар, хатарли челленжларни аниқлаш ва уларга қарши контентлар ишлаб чиқиш, болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш;
- ота-оналар ва болаларни интернет тармоғидаги ахборотларни тўғри баҳолашга ҳамда хавфли контентларни аниқлашга йўналтирувчи механизмларни ишлаб чиқиш;
- болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш ва уларни реализация қилишни изчил қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда юқори билим ва малакага эга кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш.
Ҳужжатга асосан, болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар 2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача бўлган даврда фойда солиғини тўлашдан озод қилинади, бунда ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди.
Бундан ташқари, бундай ташкилотларга болалар учун контент яратиш билан боғлиқ харажатларни фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, бу юридик шахслар ва Болалар контентини ривожлантириш маркази томонидан тўланган ҚҚС солиқ ҳисоботлари тақдим этилганидан кейин Давлат бюджетидан уларга тўлиқ миқдорда қайтарилади.
Болалар медиаконтенти соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳар йили хориждаги етакчи университетларда бакалавриат дастурлари бўйича таълим олиш учун 5 та квота ажратади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова