14.10.2026 йилдаги ЎРҚ-1180-сон Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди:
- 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган;
- вояга етмаган шахсга нисбатан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, терроризм ва бошқа кўрсатилган ҳолатлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган;
- шартли ҳукм боланинг ўлимига олиб келган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди.
Маъмурий жавобгарлик
Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болани тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаслик БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулоти тарқатилганда ахборот маҳсулоти мусодара қилинади, уни тарқатган фуқароларга эса БҲМнинг 7 баравари, мансабдор шахсларга эса 50 баравари миқдорида жарима солинади.
Бундан ташқари, болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорини бажармаганлик ёки ижрога тўсқинлик қилганлик учун фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Меҳнат муносабатлари соҳасидаги ўзгаришлар
Болага нисбатан зўравонлик содир этганлиги учун зиммасига болани тарбиялаш ва ўқитиш мажбурияти юкланган таълим ташкилоти ходимининг жавобгарликка тортилиши меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асос бўлиб хизмат қилади.
Қонун билан қуйидаги ҳимоя кафолатлари жорий этилмоқда:
- зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;
- жинсий зўравонлик тўғрисидаги ишлар бўйича вояга етмаган жабрланувчига адвокат иштироки давлат ҳисобидан таъминланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.10.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





