Президентнинг 03.08.2026 йилдаги «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ–288-сон қарори қабул қилинди.
Мақсадлар:
- муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини такомиллаштириш;
- бошпанасиз шахсларни ижтимоий ва бошқа хизматлар билан қамраб олиш орқали уларни жамиятга тўлиқ интеграция қилишни таъминлаш.
Ҳужжат билан ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларини вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тиклаш марказлари (Ижтимоий марказлар) деб қайта номлаш назарда тутилган.
Шунингдек, бошпанасиз шахсларни суд қарори асосида Ижтимоий марказларга жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бошпанасиз шахслар уларнинг розилиги билан жойлаштирилади, вақтинчалик бошпана, шунингдек озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланади.
Ижтимоий марказларга жойлаштирилган шахслар индивидуал режалар асосида ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олинади.
Ижтимоий ва иқтисодий реинтеграция қилиш
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бошпанасиз шахслар бандлигини таъминлашнинг янги тартиби жорий этилади, унга мувофиқ:
- туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларининг ишчи-мутахассис, муҳандис-техник ва ишлаб чиқариш ходимлари биринчи навбатда Ижтимоий марказларга жойлаштирилган шахслар ҳисобидан уларнинг розилиги билан шакллантирилади;
- тадбиркорлик субъектлари томонидан Ижтимоий марказлар ҳудудида қисқа муддатда ўзлаштириладиган ва ишга жойлашиш имконияти юқори бўлган касбларга ўргатиш бўйича бандликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади;
- Ижтимоий марказлар ҳудудида жойлашган бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари бандлик марказларини ташкил этиш истагини билдирган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тасарруф этиш ҳуқуқисиз 5 йилгача бўлган муддатга (узайтириш ҳуқуқи билан) тўғридан-тўғри ижарага берилади. Бунда ижара тўловининг энг кам миқдорига нисбатан Тошкент шаҳрида 0,25 коэффициент қўлланилади, бошқа ҳудудларда эса – ижара тўловининг энг кам миқдорларида белгиланади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Ижтимоий марказларга жойлаштирилган бошпанасиз шахслар ишсиз деб эътироф этилади. Уларга касбга ўқитиш учун ваучерлар ажратилади.
Бошпанасиз шахслар Ижтимоий марказларда бўлган даврида ушбу муассасага вақтинча турган жойи бўйича давлат божи тўламасдан рўйхатга олинади.
Ҳужжат билан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





