Президентнинг 01.07.2026 йилдаги "Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-250-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан чарм хомашёсини юқори сифатли йиғиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, йирик кооперативларни ташкил этиш асосида 2026-2028 йилларда ҳудудларда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш режалаштирилган.
2026-2028 йилларда ветеринария-санитария талабларига жавоб берадиган хом тери ва мўйна йиғиш пунктларини ташкил этиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 31 декабрга қадар Енгил саноатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
• чармни қайта ишлаш ва тайёр чарм ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналарга ишлаб чиқарилган ва сотилган тайёр чармнинг (чарм ҳошияси, пардоз) ҳар бир квадрат дециметри учун 350 сўм миқдорида субсидия ажратилади;
• 1 млн сўм миқдоридаги субсидия ишлаб чиқаришга жорий этилган ҳар бир янги модель учун, бироқ бир корхонага календарь йилида 50 млн сўмдан ошмаган миқдорда тақдим этилади.
Бундан ташқари, енгил саноат корхоналарига сув тозалаш иншоотларида сувни тозалаш учун сотиб олинган кимёвий моддалар ва реагентлар қийматининг 50 фоизи белгиланган меъёрлар доирасида қоплаб берилади.
Шу билан бирга, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, республиканинг аҳолиси 100 минг кишидан ортиқ бўлган шаҳарларида рўйхатдан ўтган товар белгилари остида савдо уйлари ва фирма дўконларини ташкил этганларга биринчи йил давомида 100 млн сўмгача бўлган маблағлар қоплаб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





