Вазирлар Маҳкамасининг 06.08.2026 йилдаги «Чорвачилик ҳамда балиқчилик тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 435-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Чорвачилик комплексларини ташкил қилиш, наслли молларни харид қилиш ҳамда балиқчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
12.05.2026 йилдаги ПҚ-179-сон қарорга мувофиқ, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ҳар йили тижорат банкларига йиллик 6 фоиз ставкада 10 йил муддатга 1 трлн сўм миқдорида маблағ жойлаштирилади.
Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБга уларнинг буюртманомалари асосида 10 йил муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада миллий валютада 50 млн АҚШ долларига тенг эквивалентда маблағлар ажратилади.
Кредит олиш учун ариза берувчи тегишли ҳужжатларни «Агроплатформа» ахборот тизими орқали тақдим этиши лозим.
Кредитлар 10 йилгача муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада қуйидагиларни молиялаштириш учун ажратилади:
- чорвачилик ва балиқчилик комплексларини ташкил этиш ҳамда наслдор йирик шохли ва майда шохли молларни харид қилиш лойиҳаларини молиялаштириш учун – 5 млрд сўмгача;
- наслли буқалар уруғини етиштирадиган ва наслли балиқ етиштириш корхонасини ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларининг қурилиш, асбоб-ускуналар ва наслли чорва моллари ва балиқ сотиб олиш харажатларини молиялаштириш учун – 20 млрд сўмгача.
Чорвачилик йўналишларига давлат қарзи ҳисобидан жалб қилинган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари тадбиркорлик субъектларига йиллик 10 фоиз ставкада ажратилади.
Агар қарз олувчи кредитни кредит шартномасида белгиланган муддатларда қайтармаса, кредитнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисми тижорат банкининг ўз маблағлари ҳисобидан тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади ва ушбу маблағлар Жамғармага қайтарилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 07.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





