Вазирлар Маҳкамасининг 31.07.2026 йилдаги 426-сон қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги Президентнинг 12.05.2026 йилдаги ПҚ-179-сон қарори билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган. У чорва моллари бош сонини кўпайтириш, озуқа-ем базасини мустаҳкамлаш ва қайта ишлаш корхоналарини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом;
- Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлик тўғрисидаги низом қуйидагиларни белгилайди:
- Агентликнинг тузилмаси, асосий вазифалари ва функциялари;
- Агентликнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- фаолиятини ташкил этиш, молиялаштириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби ва бошқалар.
Агентлик чорвачилик соҳасини ривожлантиришни стратегик режалаштириш ва мувофиқлаштириш, яйловлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, йўналишларни ҳудудлар кесимида белгилаш, шунингдек, чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш бўйича бизнес-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, методологик таъминлаш ва мониторингини юритиш учун масъул республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
2027 йил ҳосилидан бошлаб, ғўза ва бошоқли дон экинларини етиштириш назарда тутилган қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ер майдонларининг 50 фоизида озуқабоп экинларни жойлаштиришга рухсат этилади.
Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
- чегара озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати инспекцияси томонидан хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи;
- собиқ Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасининг қолдиқ маблағларидан 20 млрд сўм қисми;
- халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари;
- Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган фоизлар;
- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 01.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





