Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Кто должен сдать финотчетность за III квартал 2021 года Как исправить оценку «Высокий риск» по критерию «Данные о руководстве» Типичные ошибки при налогообложении «командировочных» Новые преференции при импорте фруктов, мяса, растительного масла

Давлат хизматлари соҳасида - туб ўзгартиришлар

28.07.2021

Читать на русском языке

Президентнинг 24.07.2021 йилдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6269-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжатга асосан, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади. Тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно;
  • давлат хизматлари марказлари, "Лицензия" ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларга хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50%и уларга бир иш кунида қайтарилади. Уларга тегишли давлат хизмати тўлиқ ҳажмда кўрсатилади.

 

2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

  • чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратилади. Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари уларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини беради;
  • Ўзбекистонда доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ЖШШИР соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида берилади;
  • лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун қонунчилик ҳужжатларида миллий валютада белгиланган тўловларни БҲМнинг 10%игача миқдорда белгиланди. Қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки БҲМнинг 10%идан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Бунда, QR-код қўйилган лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатларини бериш учун тўлов ундирилмайди.

 

2021 йил 1 декабрга қадар коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) ЖШШИРга ва юридик шахсларнинг СТИРига боғланади. Ушбу боғлаш орқали ҳар бир шахсга "ягона мижоз" тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилиши амалиёти йўлга қўйилади.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб жорий этилмоқда, унга кўра:

а) Ўзбекистон фуқароси, республикада доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришни, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш.

б) жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказиш, унга асосан:

  • малака сертификатларини бериш ва аттестациядан ўтказиш учун мурожаатлар электрон шаклда қабул қилинади;
  • имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир камида бир йил сақланади;
  • малака сертификатларини бериш ва аттестациядан ўтказиш учун жисмоний шахслардан ундириладиган тўловлар давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади;
  • талабгорлардан имтиҳон олишда саволлар тест кўринишида компьютер воситаси орқали олинади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади (алоҳида иқтидор ҳамда амалий синовлар талаб этиладиган йўналишлар бундан мустасно);
  • малака сертификатлари ва аттестация гувоҳномалари QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.

 

2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади, унга асосан:

  • тиббиёт бирлашмаси ходими вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириб, "Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда ФҲДЁга юборади. Бунда, вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши мумкин;
  • ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида шахснинг ўлимини "ФҲДЁ ягона электрон архиви" ахборот тизимида қайд қилиб, QR-код орқали тасдиқлайди;
  • ФҲДЁ вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга вафот этганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади.

 

Шунингдек, 2022 йил 1 январга қадар "автомобиль тарихи" маълумотларини (давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, юрган масофаси, ФҲШлар тузилганлиги, ЙТҲ содир этилганлиги ва бошқалар) автомототранспорт воситаларига берилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси орқали шартномавий асосда давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали аниқлаш давлат хизматини йўлга қўйилади.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2022 йил 1 январдан кўрсатилиши учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдори камайтириладиган давлат хизматлари рўйхати;
  • Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали босқичма-босқич жорий этиладиган давлат хизматлари;
  • 1 октябрдан айрим турдаги маълумотлар ва электрон кўринишдаги ҳужжатларни "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда бериш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати;
  • 2022 йил 1 январдан кўрсатиш муддатлари қисқартириладиган давлат хизматларининг айрим турлари рўйхати;
  • Давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада соддалаштириш, муддатларини, талаб қилинадиган ҳужжатларини қисқартириш ҳамда рақамлаштириш бўйича "Йўл харитаси".

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.07.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.