Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Общепит получает письма с требованием вернуть часть кешбэка по НДС: как ответить налоговикам Налоговая требует вернуть часть НДС-кешбэка: почему это требование спорное Как определять расходы на амортизацию в целях налогообложения

Давлат хизматлари: янги рақамли хизматлар ва реклама тарқатмаларига чекловлар

16.07.2026

Читать на русском языке

Президентнинг 15.07.2026 йилдаги "Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-265-сон қарори қабул қилинди.

 

Мулкий ҳуқуқларни расмийлаштириш тартибини соддалаштириш мақсадида 2027 йил 1 январдан бошлаб:

• ҳуқуқ эгасининг рўйхатдан ўтказувчи органга ўз вақтида мурожаат қилмаганлиги ҳолатлари аниқланган ҳолларда, маъмурий жавобгарлик чораларини қўлламасдан, кечиктирилган муддатдан келиб чиқиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун оширилган ставкаларда тўлов ундириш тизимлари;

• солиқ тўловчига хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй-жойни сотишдан олинган даромадни солиқ солишдан озод қилиш учун белгиланган муддатни, агар у мерос тартибида ёки яқин қариндошидан ҳадя сифатида олинган бўлса, васият қилувчи ёки ҳадя қилувчининг ушбу уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ҳисоблаш.

 

Шунингдек, тақиқланган ёки хатланган уй-жойда гаровга олувчининг розилигисиз яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишга йўл қўйилади. Бунда рўйхатга олинаётган шахс мулкдорнинг (гаровга олувчининг, тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш учун масъул органнинг) ички ишлар органларига мурожаати асосида ўзининг рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилишга олдиндан розилик бериши керак.

 

2026 йил 1 октябрдан бошлаб ЯИДХПда қуйидаги хизматлар ишга туширилади:

• жисмоний ва юридик шахслар томонидан уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомототранспорт воситаларини гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек уларни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни бекор қилиш. Бунда тақиқлаш жисмоний шахслар томонидан Face-ID орқали идентификациялашдан ўтган ҳолда, юридик шахслар томонидан эса уларнинг таъсисчилари умумий йиғилишининг қарори асосида ЭРИ орқали амалга оширилади;

• фуқаролар номига расмийлаштирилган ва улар томонидан фойдаланиладиган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисидаги маълумотларни олиш, ушбу жараённи бошқариш имкониятини яратиш;

• фуқарога унинг номига янги нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда ЯИДХП орқали автоматик равишда хабардор қилиш ва уларнинг ҳисобини юритиш.

 

2026 йил 1 сентябрга қадар ЯИДХПда танлов бўйича банкларнинг виртуал тўлов картасини очиш, шахсий банк пластик картасини бириктириш, ушбу карталар орқали давлат хизматлари учун тўловларни амалга ошириш, шунингдек, ортиқча ёки хато тўланган маблағларни ёхуд давлат хизмати кўрсатишни кечиктирганлик (асоссиз рад этганлик) учун тўловларни ўз картасига автоматик равишда қайтариш имконияти яратилади.

 

Шунингдек, ЯИДХПда карта очиш, банклар ёрдамида уни тўлдириш ва виртуал тўлов картасидан ўзига тегишли банк пластик карталарига пул маблағларини ўтказиш учун фуқаролардан воситачилик йиғимлари ундирилмаслиги белгиланди.

 

Ҳужжатда вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқларини мустақил амалга ошириш учун судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган.

 

Проактив давлат хизматлари кўрсатишни кенгайтириш

 

2026 йил 1 октябрдан бошлаб бирламчи маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси) ўзгарганда улар давлат органларининг ахборот тизимларига автоматик равишда киритилади.

 

Бунда бирламчи маълумотларни ўзгартирган адлия органи "Электрон ҳукумат" тизими орқали давлат органларига хабарнома тақдим этади ва тегишли ҳужжатларга фуқаролар томонидан қўшимча аризалар тақдим этилмасдан электрон шаклда ўзгартиришлар киритади. Жисмоний шахсга унинг бирламчи маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисида ЯИДХП орқали реал вақт режимида маълумотнома тақдим этилади, унинг асосида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар қайта расмийлаштирилади.

 

Реклама соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш

 

Фуқароларнинг ҳуқуқларини реклама қўнғироқлари ва хабарномаларидан ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб мобил алоқа воситалари орқали СМС-хабарномалар орқали товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф қилувчи ҳар қандай шахслар фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан сўнг реклама қилади.

 

Шунингдек, соат 18.00 дан 09.00 гача телекоммуникация тармоқлари орқали реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини тарқатиш тақиқланади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

• Бирламчи маълумотлар ўзгарганда автоматик равишда ўзгартириладиган маълумотлар рўйхати;

• Давлат хизматларини такомиллаштириш ва фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш бўйича чора-тадбирлар режаси.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.07.2026 йилдан кучга кирди.

 

                                     Лола Абдуазимова