Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Если малое предприятие продает товары через Uzum Market Денег на расчетном счете не хватает: какие налоги оплатить первыми? Для чего создается новая система по земельным участкам – «E-YER NAZORAT»

Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик тартиботлар қисқартирилди

10.09.2025

Читать на русском языке

Президентнинг 08.09.2025 йилдаги ПФ-157-сон Фармони билан давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

Мақсадли мўлжаллар:

  • 2028 йилга қадар ЯИДХП ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 900 тага етказиш;
  • проактив давлат хизматлари сонини 53 тага ва композит давлат хизматларини 74 тага кўпайтириш;
  • бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали йилига аҳолининг 47 млрд сўм маблағларини тежаш ва маъмурий харажатларни 80 млрд сўмга қисқартириш;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳоли гавжум жойларни босқичма-босқич 1100 та интерактив киосклар билан таъминлаш орқали 49 млрд сўм миқдорида маъмурий харажатларни тежаш.

 

Идоралараро ахборот алмашинувини жорий этиш орқали 2025 йил 1 декабрдан бошлаб никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим этиш талаби, шунингдек ажрашишда суд қарори асосида талаб қилиш бекор қилинади.

 

Бунда никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатнома ёзуви суд жойлашган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" АТида автоматик тартибда тузилади, шунингдек суд қарорининг нусхаси никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномага тенглаштирилади. Давлат божи туман (шаҳар) Мажбурий ижро бюроси бўлимлари томонидан ҳар икки ёки уларнинг биридан ундирилади.

 

Шунингдек қуйидагилар бекор қилинади:

  • чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг турар жойи, ўқиш жойи, иш жойи ва лавозимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли мудофаа органларига тақдим этиш мажбурияти;
  • автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасида автомототранспорт воситаси эгасининг манзилини кўрсатиш талаби.

 

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари ЯИДХПда уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади, улар қоғоз шаклига тенглаштирилади;
  • агар бу маълумотлар ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда тақдим этилса, давлат органлари ва ташкилотлар томонидан бу маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади;
  • ДХМга мурожаат қилинганда пенсионерларга, ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
  • жисмоний шахсларни Ягона идентификация тизимида (OnelD) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби жорий этилади;
  • автомототранспорт воситаси эгасининг маълумотлари ўзгарганда эганинг хоҳишига кўра автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза ФҲДЁ органи ёки ДХМ томонидан композит тартибда ички ишлар органларига юборилади;
  • давлат хизматлари марказларига ЯИДХП орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
  • ЯИДХП, ДХМ ва "Лицензия" АТ орқали келган аризалар асоссиз рад этилганда давлат хизмати учун ундирилган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловларнинг бир қисми ваколатли органлар томонидан фуқароларга қайтарилади.

 

Давлат хизматларини кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш

 

Аҳоли гавжум жойлар ва маҳаллалар босқичма-босқич 1100 та интерактив киосклар билан таъминланади. Бунда тегишли давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар ДХМ ёки хизмат кўрсатувчи органларга бевосита мурожаат қилганда тўланадиган суммнинг 90 фоизи миқдорида ундирилади.

 

Шунингдек 2026 йил 1 январдан бепул "Vakolat.uz" платформасини ишга туширш режалаштирилган, унинг ёрдамида қуйидагиларни амалга ошириш мумкин:

  • давлат хизматларидан фойдаланиш учун бошқа шахсларга ишончнома расмийлаштириш;
  • юридик шахслар томонидан расмийлаштирилган ишончномаларни рўйхатдан ўтказиш;
  • барча турдаги ишончномаларнинг ҳақиқийлигини онлайн режимда текшириш.

 

2026 йил 1 январдан Давлат хизматлари ягона реестрини юритиш Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган "Давлат хизматлари" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида амалга оширилади.

 

2026 йил 1 майдан бошлаб барча турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонун билан тартибга солинади ва фақат "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали амалга оширилади, бундан Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ваколатларига тааллуқли лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари мустасно.

 

Ҳужжат билан давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча тартиб-таомиллар ва бюрократик талабларни янада қисқартириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.

 

Тасдиқланган рўйхатлар: 

  • 2026 йил 1 январдан айрим турдаги маълумот ва ҳужжатларни "Рақамли ҳукумат" тизими орқали тақдим этишга масъул давлат органлари ва ташкилотлар;
  • ЯИДХП да реал вақт режимида тақдим этиладиган жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари;
  • ДХМ ва ЯИДХП орқали босқичма-босқич жорий этиладиган давлат хизматлари;
  • тезлаштирилган тартибда кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматлари.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.09.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова