Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Облагается ли НДС экспорт товаров на безвозмездной основе План главбуха на октябрь 2021 года Как учитывать передачу права на использование нематериальных активов Почему сервис «Проверить мой статус» показывает разный результат. И что с этим делать

Давлат органлари томонидан автомобиллар қандай сотиб олинади

13.04.2021

Читать на русском языке

Президентнинг 3.04.2021 йилдаги «Давлат органлари ва корхоналарини енгил тижорат автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5052-сон қарори қабул қилинди.

 

Қарор билан 2021–2023 йилларда давлат органлари ва корхоналари томонидан енгил автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, уларнинг расмий дилерлари ҳамда дистрибьюторларидан харид қилиш кўрсаткичлари тасдиқланди.

 

Ушбу кўрсаткичларда қуйидагилар назарда тутилган:

  • 2021–2023 йилларда давлат органлари томонидан жами 2 770 та техникалар харид қилиниши ва ушбу мақсадлар учун 1,934 трлн сўм, шу жумладан Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан – 1,202 трлн сўм, республика бюджетидан қўшимча ажратиладиган маблағлар ҳисобидан – 500,5 млрд сўм, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан – 231,6 млрд сўм йўналтирилиши;
  • 2021–2023 йилларда давлат корхоналари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан жами 1 488 та техникалар харид қилиниши ва ушбу мақсадлар учун 1,236 трлн сўм йўналтирилиши.

 

Қарор билан 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросини таъминлашда зарур бўлган махсус техникаларни харид қилиш учун, шунингдек туман (шаҳар)лардаги ички йўллар ва марказ кўчаларини таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш дастурлари ижросини таъминлашда зарур бўлган махсус техникаларни харид қилиш учун ажратиладиган қўшимча маблағлар миқдорлари белгиланди.

 

Енгил тижорат автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникалари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий дилерлари ҳамда дистрибьюторларидан давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ сотиб олинади.

 

Молия вазирлигига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш харажатлари учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда республика бюджетидан маблағ ажратилишини таъминлаш, шунингдек 2022–2023 йиллар учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур бюджет маблағларини назарда тутиш топширилди.

 

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишни таъминлаш топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.04.2021 йилдан кучга кирди.


Баҳодир Бухорий.