Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2026 йилдаги 213-сон қарори билан Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига (31.05.2024 й. 319-сон ВМҚ қарори билан тасдиқланган) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Эндиликда электр таъминоти шартномаси электрон шаклда тузилади.
Электр таъминотининг намунавий шартномаси Вазирлар Маҳкамаси (илгари – Энергетика вазирлиги) томонидан тасдиқланади.
Истеъмолчининг объектларини электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зонасида жойлаштириш ва ушбу истеъмолчи билан электр таъминоти шартномасини тузиш тақиқланади.
Истеъмолчининг электр таъминотидан узилишининг олдини олиш мақсадида ҳисоблагич олиб қўйилган даврда фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб қилиш таъминотчи томонидан вақтинча ўрнатилган ҳисоблагичлар орқали ёки ўтган ҳисоб-китоб даври учун электр энергияси истеъмолининг ўртача суткалик амалдаги миқдори бўйича амалга оширилади. Бунда ҳисоб-китоб қилиш даври 1 ойдан ошмаслиги ва шу даврда ҳисоблагич ўрнатилиши лозим.
Ўрганиш натижаларига асосан ҳисоблагич ёки ўлчов трансформаторларига ташқи таъсир қилинганлиги аниқланган ҳолларда истеъмолчи дарҳол электр таъминотидан ажратилади, бу ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилади.
Қоидаларни бузганлик ҳолатлари натижасида ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори инсон омилисиз “E-dalolatnoma” тизими орқали 3 иш кунида аниқланиб, шу ойнинг ҳисобот даврида электр таъминоти корхонаси томонидан таъминотчининг тегишли дастурий таъминоти базаларига киритилади.
Агар техник сабабларга кўра тизим орқали ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдорини аниқлаш имкони бўлмаса, ушбу ҳисоб-китоб 3 иш кунида таъминотчи томонидан тузилган махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.08.2026 йилдан кучга киради.
Сардор Жумашов



