Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Электрон солиқ ҳисоботини топшириш тартиби белгиланди

25.07.2016

Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 12.07.2016 йилда 2808-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Молиявий ва солиқ ҳисоботларини алоқанинг телекоммуникация каналлари воситасида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатда назарда тутилишича, ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этишда электрон ҳужжат айланишининг иштирокчилари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

 

солиқ тўловчи — ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида жўнатувчи;

 

ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида қабул қилувчи ва уларга ишлов берувчи давлат солиқ хизмати органлари — ҳисоботни қабул қилувчи.

 

Электрон ҳужжат айланишида ахборот воситачилари ҳам иштирок этишлари мумкин.

 

Низомга мувофиқ ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этиш солиқ тўловчининг хоҳишига кўра тегишли дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, Бунда тадбиркорлик субъектлари ҳисоботни телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.

 

Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этишда тегишли дастурий таъминот:

 

- давлат солиқ хизмати органига жўнатиш учун ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида, электрон рақамли имзони (ЭРИ) шакллантириш ва уни қабул қилиб олишда текшириш;

 

- ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида жўнатишда шифрлаш ва қабул қилиб олишда шифрдан ечиш;

 

- ҳисоботни телекоммуникация каналлари орқали жўнатиш имкониятига эга бўлиши керак.

 

Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этишда ЭРИ, молиявий ва солиқ ҳисоботининг мажбурий реквизитлари мавжуд бўлиши керак. Ҳисоботлар белгиланган шаклда тақдим этилади. Белгиланмаган шаклдаги ҳисобот тақдим этилганда давлат солиқ хизмати органи ҳисобот олинган кундан эътиборан 3 кун ичида бу ҳақда солиқ тўловчига ёзма ёки электрон билдириш юборади ва аниқ фикр-мулоҳазаларни кўрсатган ҳолда уни маромига етказиш учун қайтаради.

 

Ҳисобот электрон ҳужжат тарзида тақдим этилганда, солиқ тўловчи ва давлат солиқ хизмати органлари уни қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда электрон кўринишда сақланишини таъминлайдилар.

 

Ҳисоботнинг электрон ҳужжат тарзида сақланиш муддатлари қоғоздаги ҳисоботлар учун ўрнатилган муддатлардан кам бўлмаслиги лозим.

 

Солиқ тўловчи электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботни қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этади. Солиқ органи ҳисоботни қабул қилиб олганлиги тўғрисида, электрон манзилига келиб тушган санаси кўрсатилган ҳолда, автоматик тарзда тасдиқланишни таъминлайди. Бу сана ҳисобот тақдим этилган сана ҳисобланади.

 

Электрон ҳужжат тарзидаги ҳисобот қуйидаги ҳолларда солиқ органига тақдим этилмаган деб ҳисобланади, агар унда:

 

- СТИР кўрсатилмаган ёки нотўғри кўрсатилган бўлса, солиқ даври ва (ёки) солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси кўрсатилмаган бўлса;

 

- солиқ ҳисоботини тузишга доир белгиланган талаблар бузилган бўлса.

 

Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида жўнатишда ЭРИдан фойдаланиш тартиби Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидалари (АВ томонидан 13.11.2015 йилда 2727-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 18.07.2016 йилдаги 28-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз  

Елена ЕРМОХИНА 

тайёрлади.