Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (19.01.2026 й. АВ рўйхат рақами 3758-сон) билан "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимида яратилган "Электрон поликлиника", "Электрон шифохона", "Электрон тиббий карта" ва "Электрон рецепт" модулларидан фойдаланиш бўйича йўриқнома тасдиқланди. Ҳужжат уч ойдан кейин кучга киради.
Тиббиёт ташкилотлари ёки дорихоналар модулларга маълумотларнинг тўлиқ ва аниқ киритилиши ҳамда янгиланиши учун жавобгардир.
Тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарда модуллардан фақат шифокорлар, фармацевтика маълумотига эга дорихона ходимлари, ҳамширалар ва шифокор-ординаторлар (фойдаланувчилар) фойдаланиши мумкин.
Фойдаланувчи реал вақт режимида "Электрон тиббий карта" модулига қуйидаги маълумотларни киритади ва бир вақтнинг ўзида ушбу маълумотлар автоматик равишда бошқа модулларга узатилади:
- беморнинг идентификация рақами, фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси;
- беморнинг ташхиси ва тиббий кўрсаткичлари;
- лаборатория ва инструментал таҳлиллар натижалари;
- дори воситаларига электрон рецептлар;
- амбулатор ва (ёки) стационар тиббий карталар.
Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор – "UZINFOCOM":
- ариза берилган кундан бошлаб 15 иш куни ичида тиббиёт ташкилотлари ёки дорихоналарда модулларни ўрнатишни амалга оширади;
- бир йилда камида бир марта фойдаланувчиларни инвентаризациядан ўтказади ва модулларга кириш ҳуқуқларини қайта кўриб чиқади;
- модулларни ишлатиш ва синовдан ўтказиш жараёнида ахборот ва киберхавфсизликни таъминлайди, шунингдек, белгиланган модулларнинг тўғри ишлашини назорат қилади.
Беморлар "DMED" мобил иловаси орқали ўз маълумотлари, электрон тиббий картаси, касаллик тарихи ёки модулларга киритилган электрон рецептлар билан танишишлари мумкин.
Фойдаланувчилар қуйидагиларни таъминлаши керак:
- модуллардаги шахсий маълумотларнинг махфийлиги, шу жумладан бошқа шахсларга логин, пароль ёки ЭРИ кодларини бермаслик;
- ҳар бир тиббий картадаги маълумотларни реал вақт режимида киритиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.04.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова



