Президентнинг 13.04.2026 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-136-сон қарори қабул қилинди.
2026-2030 йилларга мўлжалланган асосий мақсадлар:
- электрон тижорат айланмасини 30 трлн сўмга етказиш;
- 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;
- умумий қиймати 300 млн АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлгача бўлган даврда ҳуқуқий эксперимент тариқасида эркин омборнинг янги шакли - резидентлар ва норезидентлар томонидан махсус электрон савдо платформалари орқали товарларни чакана реализация қилиш мақсадида жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун товарларни вақтинча сақлашга мўлжалланган бонд омбори ташкил этилади.
Тажриба доирасида:
- Бонд омбори эркин омбор фаолиятини лицензиялаш тартиби асосида ташкил этилади;
- бонд омборидан товарларни сотиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан юритиладиган Махсус электрон савдо платформалари реестрига киритилган махсус электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади;
- бонд омборига товарлар эркин омбор божхона режимига мувофиқ жойлаштирилади ва жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун ушбу товарларни чакана сотишга рухсат берилади;
- жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун бонд омборидан сотиладиган товарлар жўнатмалар декларацияси асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилади;
- бонд омборига жойлаштирилган товарларни жўнатиш декларацияси асосида жисмоний шахсларга чиқаришда мувофиқликни баҳолаш, санитария ва ветеринария назорати чоралари қўлланилмайди.
Жисмоний шахслар учун товарларни (1-рўйхат бўйича) жўнатиш декларацияси асосида чиқаришда амалдаги божхона тўловлари ўрнига уларни реализация қилиш қийматининг 5 фоизи миқдорида божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмаган ҳолда ягона божхона тўлови ундирилади.
Жисмоний шахслар учун товарларни (2-рўйхат) жўнатиш декларацияси асосида чиқаришда уларни реализация қилиш қийматидан божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмаган ҳолда ҚҚС ва 3 фоиз миқдорида божхона божи ундирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



