Вазирлар Маҳкамасининг 02.05.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 292-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Агентлик энергия самарадорлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, соҳада рағбатлантирувчи ва таъсир этувчи чораларни ишлаб чиқиш ва тартибга солиш давлат сиёсатини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Агентликнинг асосий вазифалари:
- энергия тежашдан даромад олувчи энергия сервис компанияларихизматлари бозорини ривожлантириш;
- энергия самарадорлиги юқори бўлган лойиҳалар портфелини шакллантириш ва уларни амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш;
- энергия самарадорлигини ошириш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини баҳолаб боришни ташкил қилиш;
- аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва исроф қилмасликка асосланган турмуш тарзи ва феъл-атворни шакллантиришга қаратилган энергия истеъмоли маданиятини ошириш ахборот кампанияларини ташкил этиш ва молиялаштириш.
Шунингдек Агентликнинг Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида мониторинг қилиш, тарғибот ишларини ташкил этиш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятини олиб боришга йўналтирилган энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ тадбирлар ва лойиҳалар молиялаштирилади.
Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
- давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобидан нефть-газ ва электр энергетикаси тармоклари корхоналарининг соф фойдасидан 5% миқдоридаги ўтказмалар;
- халқаро молия институтлари ва хорижий хукумат молия ташкилотларининг кредитлари ва грантлари;
- Жамғарма активларини бошқариш, шу жумладан, бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- конунчилик хужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.05.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев