Президент 22.09.2026 йилдаги «Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-202-сон Фармонни имзолади.
Ҳужжатда кўзда тутилган асосий мақсадлар:
• мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва соҳа барқарорлигини таъминлаш;
• энергетика соҳасида натижага йўналтирилган бошқарув тизимини яратиш;
• давлат ва хусусий сектор ўртасидаги муносабатларни «стратегия – тартибга солиш – назорат – ижро» тамойили асосида йўлга қўйиш;
• инвестиция жозибадорлиги ва шаффофлигини ошириш ҳамда адолатли рақобат муҳитини яратиш;
• энергетика соҳасида рақобатни ривожлантириш ва барча учун тенг ҳуқуқ ҳамда шароитлар яратиш орқали замонавий экотизимни жорий этиш.
Энергетика вазирлиги энергетика корхоналари ва истеъмолчиларга шартномавий, сервис ва бошқа иқтисодий муносабатларга якка тартибдаги рухсатномалар беришни бекор қилади.
Фармонга кўра масъул ташкилотлар зиммасига янги вазифалар юкланди:
• Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига (тартибга солувчи орган) – табиий ва суюлтирилган газ, шунингдек, электр энергияси етказиб бериш соҳасида бозор тамойилларини босқичма-босқич шакллантириш ва тартибга солиш;
• Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциялари – превентив назорат модели асосида ишлаш;
• ёқилғи ва энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарга – ўз юрисдикцияси доирасида ёқилғи-энергетика ресурсларини қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш, етказиб бериш ва сотиш билан боғлиқ фаолият.
Фармон билан қуйидаги йўналишлар белгиланди:
• Энергетика вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишлари;
• Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги фаолиятининг янги йўналишлари;
• Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятининг қўшимча йўналишлари.
2026 йил яунига қадар 2050 йилгача истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш концепцияси лойиҳасини тақдим этиш режалаштирилган.
Республика истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашни ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш тасдиқланадиган схемага мувофиқ амалга оширилади. Ҳар йили секторлар ва ҳудудлар бўйича ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талабнинг уч йиллик прогнозлари ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, энергетика соҳасида юқори сифатли инвестиция лойиҳалари режаларини ишлаб чиқиш ва улар учун тендер ҳужжатлари тўпламини тайёрлаш ҳам янги схемага мувофиқ амалга оширилади.
Инвестиция режасида ҳар бир лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари, лойиҳани амалга ошириш тамойиллари ва молиялаштириш манбалари, талаб этиладиган ер майдони, шунингдек, инфратузилма хусусиятлари акс эттирилади.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 июлдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси фаолиятининг шаффофлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида энергетика соҳасида Идоралараро тариф комиссиясининг ягона рақамли платформаси жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





