Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2026 йилдаги “Ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилиш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 421-сон қарори қабул қилинди, ҳужжат уч ойдан кейин кучга киради.
Ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилишни самарали йўлга қўйиш мақсадида, ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2022 йилдаги “Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 133-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича электрон онлайн-аукционнинг бошланғич нархларини тасдиқлаш;
- ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномани “биринчи келган биринчи олади” тамойили асосида беришда, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаришнинг бошланғич нархлари миқдорида тўлов ундирилади;
- қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаришнинг бошланғич нархини ҳар бир гектарига БҲМнинг 35 бараваридан 100 бараваригача ошириш.
Тоғ-кон саноати фаолияти учун ер қаъридан фойдаланишнинг бошланғич нархини аниқлашда фойдали қазилмалар захиралари баҳосини ҳисоблаш тартиби 2026 йил 1 октябрга қадар ишлаб чиқилади.
Кон ва истиқболли майдонларни ўзлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида, 2027 йил 1 мартга қадар республикадаги ер қаъри участкалари кадастр квадратларига оид маълумотлар “Геомониторинг” ахборот тизимига жойлаштирилиши лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 01.11.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова





