Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzВ каких единицах измерения отмерять корма для собак и кошек Почему система ЭСФ не должна требовать коды цифровой маркировки на б/у технику Как исправить ошибку в чеке ККТ Как выставлять счета-фактуры при лизинге

Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди

15.08.2019

Читать на русском языке

 

2019 йил 13 августдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун ва Президентнинг Фармони эълон қилинди.

 

 Кечиктириш нима учун керак  

 

2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида ушбу тартиб-таомилларни апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши сабабли Қонун 2020 йил 1 мартдан кучга киради. Шу тариқа ушбу тартиб-таомил ва унинг алоҳида механизмлари самарадорлигини ҳамда жалб этилган ваколатли органлар ваколатлари уларга юкланган вазифаларга мувофиқлигини аниқламоқчи бўляптилар. 2 ой муддатда Сирдарё вилояти ҳудудларининг режалаштириш схемаси тасдиқланади.

 

Ҳуқуқий эксперимент амалий ижросининг бориши ОАВда ва аҳоли ўртасида мунтазам равишда ёритиб борилади. Унинг якунларига кўра, 2020 йил 5 февралга қадар Қонунчилик палатасига қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича таклифлар киритилиши лозим. 

 

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси Қонуннинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган зарур ҳужжатларни қабул қилиши ҳамда ҳуқуқий экспериментни ўтказиш тартибини унинг босқичлари ва масъул ижрочиларини кўрсатган ҳолда тасдиқлаши лозим.

 

Хусусийлаштириш: ишлаш механизми қандай

 

Қабул қилинган Қонуннинг муҳим жиҳати шундаки, унда хусусийлаштириш субъектлари, объектлари ва тартибини, шунингдек хусусийлаштирилган ерларни олиб қўйиш тартибини белгилайди.

 

Янги механизм фақат Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслар бўлмиш мамлакат резидентларига тааллуқлидир. Чет элликлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва норезидент компаниялар Ўзбекистонда ер участкаларини хусусийлаштира олмайдилар. Бунинг устига, улар Ер кодексида (18-модданинг 3-қисми) ва халқаро шартномаларда кўрсатилганидан ташқари ҳолатларда хусусийлаштирилган ерларни сотиб олишга ҳақли эмаслар. Юридик ва жисмоний шахслар банкрот бўлганлиги, меросни қабул қилиб олганлиги, юридик шахс қайта ташкил этилганлиги ёки тугатилганлиги оқибатида ва бошқа ҳолатларда мулк ҳуқуқи уларга ўтган тақдирда, бу ер участкалари бундай ҳолат юзага келган пайтдан эътиборан 6 ой ичида ўзга шахсга ўтказилиши лозим.

 

Хусусийлаштириладиган ва хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари жадвалда кўрсатилган.

 

Хусусийлаштириладиган ер участкалари

Хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари

юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкалари

тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари

 

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари

рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган, хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари

бўш турган ер участкалари

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари: майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари

хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари

 

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари

 

Хусусийлаштириш доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш, шунингдек электрон онлайн-аукцион орқали сотиш шаклларида амалга оширилади. Бунда тартиб бўш турган ёки кўчмас мулк жойлашган ер участкаси хусусийлаштирилаётганлигига қараб белгиланади.

 

Ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кўчмас мулк объекти жойлашган участкани хусусийлаштириш учун ариза берилади. Ариза қуйидагиларга берилади:

  • юридик шахслар - резидентларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкаларига;
  • Ўзбекистон фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларига.

 

Агар кўчмас мулк улушли ёки биргаликдаги мулк ёхуд кўп квартирали турар жой бўлса, ариза барча иштирокчиларнинг (мулкдорларнинг) келишувига биноан берилади. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда тартиб суд томонидан белгиланади.  

 

Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида уни кўриб чиқади ва ижобий ёки салбий хулосасини тузади. Ижобий хулоса берилганда, ариза берувчи тўловни амалга ошириши лозим, унинг миқдори ер солиғи ставкасининг каррали миқдорларида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Тўлов ижобий хулоса тўғрисида билдиришнома олинганидан кейин 10 иш куни ичида тўланади.

 

Қарор туман (шаҳар) ҳокими томонидан қабул қилинади. Қарор суддан ташқари тартибда қайта кўриб чиқилмайди. Фақат айрим ҳолатларда хусусийлаштириш рад этилиши мумкин (Қонуннинг 24-моддаси), рад этиш ҳақидаги қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин.

 

Бўш турган, шунингдек Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги билан келишилган ҳолда электрон онлайн-аукцион орқали сотилади. Бунда инвестиция мажбуриятлари белгиланиши мумкин. Мазкур ҳолатда хусусийлаштиришдан мақсад - тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти (юридик шахслар ва фуқаролар), шунингдек якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойларга хизмат кўрсатиш (фуқаролар). Ер участкасининг бошланғич нархи уларнинг электрон онлайн-аукционга қўйиш пайтидаги бозор қийматига тенг қилиб белгиланади. Закалат миқдори ва қадам нархи бошланғич нарх фоизларида ва пулда ифодаланган тарзда белгиланади.

 

Хусусийлаштирилган ер участкаси мулкдордан қуйидаги тартибда олиб қўйилади:

 

  •  мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув назарда тутилган ҳолларда – мазкур ҳолатда қиймат «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга (54-моддага қаранг) мувофиқ аниқланади;

 

  • национализация – мулк ҳуқуқини фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун (1.08.2018 йилдаги ПФ-5495-сон Фармоннинг 3-бандига қаранг) ва мулкдорнинг розилигига кўра тўлов асосида давлат тасарруфига ўтказиш, шартнома қиймати ва бошқа зарарларнинг ўрнини олдиндан қоплаган ҳолда олди-сотди шартномаси билан расмийлаштирилади. 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, пойтахт, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади;

 

  • реквизиция – мулкдорга етказилган зарарларнинг ўрни қопланиб, унга реквизиция тўғрисида ҳужжат берилиши билан фақат фуқароларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини фавқулодда ҳолатлар (табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва ҳ.к.) муносабати билан юзага келадиган таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади;

 

  • мусодара қилиш – фақат жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суд қарори асосида (ЖПКнинг 211-моддаси 1-банди; 289-моддасига қаранг).  

 

Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.03.2020 йилдан кучга киради.

 

Олег Заманов.