Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2025 йилдаги 613-сон қарори билан Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат қуйидаги тартибларни белгилайди:
- қонунчилик ҳужжатларида ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига ижара ҳуқуқини ижарага берувчининг розилигисиз кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш;
- ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни расмийлаштириш;
- ижара ҳуқуқидан гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш;
- ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқини очиқ савдоларда сотиш.
Қуйидаги ҳолларда ер участкасига ижара ҳуқуқи гаров объекти бўлиши мумкин эмас:
- иккиламчи ижарага бериладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари;
- қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижара ҳуқуқи тўхтатилган ёки низоли (суд ишларини юритиш, суриштирув ёки тергов ҳаракатлари жараёнида) ер участкалари;
- ижара шартномасида гаровга қўйишни тақиқловчи ҳолатлар назарда тутилган ер участкалари;
- ижара шартномаси давлат ҳисобидан чиқарилмаган ер участкалари;
- ижара шартномаси бўйича ижара муддати тугаган ер участкалари;
- давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкасида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси мавжуд бўлса;
- қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ер участкасини ёки унга бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда.
Ижара ҳуқуқи кредит ташкилоти томонидан ер участкасининг ижара муддати ва унинг бозор қийматидан келиб чиқиб, кредит бўйича таъминот сифатида тақдим этилади.
Бунда гаровга қўйилган ер участкасининг ижара муддати кредит муддатидан камида беш йилдан ортиқ бўлиши керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 02.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова