Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастури тасдиқланди Вазирлар Маҳкамасининг 28.01.2026 йилдаги 34-сон қарори билан Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастури тасдиқланди.
Ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади:
• мактабгача, умумий, махсус, касб-ҳунар ва олий таълим ташкилотларида ягона миллий таълим тизимини яратиш, Ватанга содиқлик ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришнинг вертикал тизимини жорий этиш;
• дастурнинг бош мақсади, вазифалари ва мақсадларига эришиш учун "Таълимнинг миллий модели"ни амалга ошириш;
• ёш авлодни миллий кадрларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг аниқ механизмларини жорий этиш.
Дастур уч босқичда амалга оширилади:
• I босқич – мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган 3-6 ёшли болаларда миллий ўзликни англаш, ўзини ўзи назорат қилиш ва ўзини намоён этишга интилиш, шунингдек, атроф-муҳит билан ўзаро муносабатда бўлиш кўникмалари шакллантирилади;
• II босқич – умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган 7-18 ёшли ўқувчиларда буюк аждодлар маънавий меросини чуқур ўрганиш, ўзига ишонч, қарор қабул қилишда мустақиллик, соғлом дунёқараш, бағрикенглик, бурч ва масъулият кўникмалари шакллантирилади;
• III босқичда – ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида 16-22 ёшли ўқувчиларда миллий қадриятларга ҳурмат, фаол фуқаролик позицияси, ўз Ватанини ҳимоя қилишга тайёргарлик, ҳарбий хизматга тайёргарлик, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи ва обрў-эътиборини оширишга ҳисса қўшиш кўникмалари шакллантирилади.
Белгиланишича, ҳар душанба куни барча таълим муассасаларида "Келажак соати" дарси ўтказилади.
Дастурда белгиланган мақсадларга эришиш учун 2026 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон таълимининг миллий модели ишлаб чиқилади.
Ҳар йили маънавий-маърифий ишлар учун масъул раҳбарлар ва ўқитувчилар ўртасида республика танлови ўтказилади.
Шунингдек, ҳужжат билан 2026 йилда узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





