Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг буйруғи (27.03.2026 й. АВ рўйхат рақами 3800-сон) билан Фуқаро авиациясида тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий хулоса бериш тартиби тўғрисидаги авиация қоидалари тасдиқланди.
Қоидаларга кўра, авиация ходимлари, шунингдек, фуқаро авиациясига ишга кираётган номзодлар тиббий кўрикдан ўтказилади.
Тиббий кўрик тиббий-учиш комиссияси томонидан ўтказилади.
ICAO талабларига мувофиқ, номзоднинг умумий соғлиғи, кўриш ва эшитиш қобилияти, руҳий ҳолати, касбий фаолиятига таъсир қилиши мумкин бўлган хавф омиллари, шунингдек, парвозлар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган касалликлар ва ҳолатлар баҳоланади.
Тиббий кўрик натижаларига кўра, авиация ходимлари ва номзодларга 1, 2 ёки 3-даражали тиббий хулосалар берилади.
Тиббий хулоса номзоднинг касбий вазифаларни хавфсиз бажаришга жисмоний ва руҳий жиҳатдан яроқлилигини тасдиқловчи ҳужжатдир.
Шу билан бирга, қоидаларда тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, тиббий хулосанинг амал қилиш муддатлари, шунингдек, парвоздан олдинги ва кейинги тиббий кўрикларни ташкил этиш тартиби белгиланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



