Президентнинг 03.11.2025 йилдаги ПФ-207-сон Фармони билан аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди.
Устувор вазифалар:
- таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар орасида психофаол моддаларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда гиёҳвандлик иллатига муросасиз муносабатни шакллантириш;
- гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний айланмасига қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали барҳам бериш;
- гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш йўналишларини, Интернет орқали тарқатиш ҳаракатларини, ноқонуний нарколабораторияларни ва наркожиноий уюшмаларни аниқлаш бўйича кенг қамровли тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини йўлга қўйиш;
- гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган кимёвий моддалар (прекурсорлар) айланмаси устидан қатъий давлат назоратини ўрнатиш, гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланувчи тиббиёт муассасалари, фармацевтика корхоналари ва дорихоналарнинг фаолиятини назорат қилиш амалиётига рақамли ечимларни жорий этиш;
- аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида гиёҳвандлик ҳамда заҳарвандликни ташхислаш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш.
Жиноят кодексига "Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар" номли янги бўлим киритилади. Наркожиноятларнинг янги шакллари, усуллари ва уюшганлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидаги қилмишлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилашни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни киритилмоқда:
- наркожиноий уюшма ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини уюшган гуруҳ томонидан трансчегаравий усулларда ёки Интернет тармоғидан фойдаланиб ўтказиш;
- гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомалага киритишга ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида хабар бериш;
- ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллашни назарда тутувчи маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.
Наркожиноятлар содир этилиши ва қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қилмишлар учун жиноий жавобгарлик чоралари икки бараваргача оғирлаштирилади:
- гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни ноқонуний равишда кўп миқдорда ҳар қандай усулда ўтказиш;
- кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида, Интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритиш, шунингдек, уларни кўп миқдорда контрабанда қилиш;
- алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини (ўтказиш мақсадисиз) кўп миқдорда ва такроран содир этиш;
- гиёҳвандлик воситаларини ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлганда.
Вояга етмаганларни ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсларга нисбатан ёки уларни жалб қилган ҳолда содир этишни жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолати сифатида қайд этиш;
- вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилаш;
- таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини икки бараваргача оғирлаштириш;
- вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни айнан таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда истеъмол қилишга жалб қилганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи жиноий жавобгарликни киритиш.
Бундан ташқари, айрим наркожиноятларни содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилмаслик тартиби жорий этилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида фаолият кўрсатувчи Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ таркиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



