Президентнинг 02.10.2026 йилдаги ПҚ-359-сон қарори билан Хоразм вилоятида Ляонин педагогика университетининг филиалини ташкил этиш кўзда тутилган. Таъсисчилар сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Урганч давлат университети ва Хитой университети иштирок этади.
Филиалга юридик шахс мақоми ва академик мустақиллик берилади. Таълим ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади. Таълим дастурлари Ўзбекистон талабларини ҳисобга олган ҳолда Ляонин университетининг ўқув режалари ва стандартлари асосида ишлаб чиқилади.
2030/2031 ўқув йилига қадар қабул қилинган барча талабалар бутун ўқув йили давомида давлат гранти ҳисобидан таҳсил оладилар. 2030/2031 ўқув йилидан бошлаб ҳар йилги қабул параметрларининг 30 фоизи грант асосида, қолган ўринлар тўлов-контракт асосида шакллантирилади.
Филиал кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади. Унга Хоразм вилоятидаги туризм ва ахборот технологиялари йўналишидаги техникумлар ҳам бириктирилади. Улар учун Хитой тажрибаси асосида таълим дастурлари ва методикаларини жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, битирувчиларга тегишли бакалавриат курсида ўқишни давом эттириш имконияти берилади.
2027 йилдан бошлаб филиал сунъий интеллект бўйича ўқув курсларини ўтказади. Ҳар йили 250 нафар педагогни танлов асосида саралаб олиш режалаштирилган. Камида 72 соат давом этадиган тренинг онлайн ва офлайн форматда хитойлик мутахассислар иштирокида ўтказилади.
Филиал битирувчиларига олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган филиал ва/ёки Ляонин педагогика университети дипломи берилади.
Талабаларнинг амалиёти вилоятдаги корхона ва ташкилотларда, шу жумладан дуал таълим доирасида ташкил этилади.
Ўзбекистондан ўқитувчиларни жалб қилиш учун Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари миқдорининг 1,5 баравари миқдорида меҳнатга ҳақ тўлаш назарда тутилган.
Филиал Хива шаҳридаги «Қибла Тозабоғ» МФЙ, Мактаб кўчаси, 57-уй манзилидаги биноларда жойлашади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.10.2026 йилдан кучга кирди.





