Президент томонидан 04.12.2024 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1009 сон Қонун имзоланди.
Жиноят-процессуал кодекси қуйидаги масалаларни тартибга солувчи 66-боб билан тўлдирилмоқда:
- хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш;
- озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун қабул қилиб олиш ва хорижий давлатга бериш;
- ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олиш ва хорижий давлатга бериш.
Хорижий давлат судининг қарори ЖПКда белгиланган тартибда ва халқаро шартномаларга мувофиқ қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасида тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин:
- хорижий давлатда озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган ва жазони ўтаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси — жазони Ўзбекистон Республикасида ўташни давом эттириш учун қабул қилиб олинганда;
- хорижий давлат ҳудудида ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ёки ушбу қилмишни содир этганидан кейин руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан хорижий давлат судининг тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлса, — мажбурий даволашни Ўзбекистон Республикасида давом эттириш учун қабул қилиб олинганда;
- хорижий давлат суди томонидан ҳукм қилиниб, жазони ўтамаган шахс хорижий давлат томонидан Ўзбекистон Республикасига ушлаб берилганда;
- хорижий давлат суди томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини хорижий давлатга ушлаб бериш рад этилганда;
- халқаро шартномаларда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.12.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев