Вазирлар Маҳкамасининг 09.04.2026 йилдаги 161-сон қарори билан Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламент 2026 йил 1 майдан бошлаб амалга киритилади ва қуйидагилар тартибини назарда тутади:
- хорижий давлатда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун ҳужжатлар тақдим этиш;
- хорижий давлатда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш;
- хорижий давлатда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни қайта расмийлаштириш ва апелляцияларни кўриб чиқиш.
Давлат хизматидан фойдаланиш учун талабгор давлат хизматлари марказларига мурожаат қилади ёки ЯИДХПда (my.gov.uz) рўйхатдан ўтади.
Сўровномага қуйидагилар илова қилинади:
- илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжат (нотариал тасдиқланган);
- диссертация нусхаси.
Ҳужжатни тан олиш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун талабгордан БҲМнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганидан кейин 20 кун ичида илмий экспертиза ўтказилади.
Бунда ижобий хулоса берилган тақдирда нострификация тўғрисида гувоҳнома берилади, акс ҳолда салбий хулоса чиқарилади.
Давлат хизмати кўрсатиш натижасида шакллантирилган гувоҳномалар электрон ҳужжатлар репозиторийсида сақланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 10.04.2026 йил кучга кирди.
Лола Абдуазимова





