Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие проблемы возникли с отправкой отчетов по кодам 29 и 137 и как можно было бы их решить Как подготовиться к ежегодной инвентаризации ТМЦ Все документы по инвентаризации ТМЦ – в Buxgalter Pro Кто и по каким объектам уплачивает налог на имущество юридических лиц

Хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди

10.03.2022

Читать на русском языке

Президентнинг 7.03.2022 йилдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

 

Ҳужжат билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди.

 

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий корхоналар ва ташкилотларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.

 

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 трлн сўм йўналтирилади.

 

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 млрд сўм молиялаштирилади.

 

Хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилади.

 

Ҳар йили 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб борилади.

 

Бундан ташқари:

  • мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш;
  • давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб бориш режалаштирилмоқда.

 

2022 йил 1 июндан бошлаб давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилади. Бунда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳузурида малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади;
  • малакани баҳолаш марказлари касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва таълим муассасаларига давлат буюртмасини беради;
  • ўқув курсларини тугатган хотин-қизлар билими даражаси малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака сертификатлари берилади;
  • малака сертификатини олган хотин-қизларга меҳнат фаолиятини бошлаши учун малакани баҳолаш марказлари томонидан субсидиялар берилади;
  • малакани баҳолаш марказлари томонидан умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари, академик лицей ва коллежларнинг битирувчи синф ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмаси берилади.

 

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестри жорий этилади. 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар Реестрга киритилган ҳудудлардаги умумий ходимлари сони камида 10 нафар бўлган ва уларда ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50%ини ташкил этадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:

  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 50% имтиёз қўллаган ҳолда ҳисобланади;
  • уларда ишловчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқ 1%лик ставкада ҳисобланади;
  • бюджет ташкилотларига йиллик умумий қиймати БҲМнинг 750 бараваригача бўлган маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилди.

 

Белгиланишича, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 млн сўмдан 10 млн сўмга оширилади;
  • “Ҳунарманд” уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40% тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади.

 

Лола Абдуазимова.