Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ҳудудларда арзон уй-жойлар қурилиши ҳажми оширилади

23.02.2022

Читать на русском языке

Президентнинг 21.02.2022 йилдаги «Уй-жойлар қурилиши ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-139-сон қарори қабул қилинди.

 

Қурилиш соҳасини ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, ҳудудларда аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилишини таъминлаш мақсадида:

  • республиканинг 24 та туман ва шаҳарлари қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади;
  • республиканинг 8 та туманида хом ашёни қазиб олишдан уни қайта ишлаш, лаборатория текширувидан ўтказиш, тайёр қурилиш ва пардозбоп материаллар ишлаб чиқаришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерлари ташкил этилади;
  • республиканинг 16 та туман ва шаҳарларида бошқа ҳудудлар билан саноат кооперациясини ташкил қилиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади;
  • ҳар бир ҳудудда камида биттадан қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва тайёр кўп қаватли уй-жойлар қуришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи уй-жойлар қурилиши кластерлари ташкил этилади.

 

2022 йил 1 мартдан бошлаб:

  • барча юридик шахсларга республикада ишлаб чиқариладиган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини чекловларсиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади;
  • 2024 йил 1 январга қадар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50%игача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

 

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга 2022 йил якунига қадар қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштириш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 300 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда халқаро корпоратив облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш ҳамда уй-жой қурилиши кластерларини қўллаб-қувватлаш учун 150 млн АҚШ доллари миқдорида Ҳукумат кафолатисиз хорижий кредит линиялари маблағларини жалб қилиш топширилди.

 

Хоразм вилояти учун Президентнинг 2021 йил 25 августдаги «Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5233-сон қарорига мувофиқ зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари қиймати камида 50 млрд сўм миқдорида белгиланади.

 

Бунда қиймати 50 млрд сўмдан 200 млрд сўмгача бўлган инвестиция лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш харажатлари ушбу лойиҳалар қийматининг 20%идан ошмаслиги лозим.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2022 йилда янги ташкил этиладиган қурилиш материаллари ва уй-жой қурилиши кластерларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш дастури;
  • 2022–2023 йилларда янги норуда конларини шакллантириш учун геология-қидирув ишларини амалга оширишнинг манзилли режаси;
  • Уй-жойлар қурилиши ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.02.2022 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.