Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

ХУМШни янги Вазирлик назорат қилади

20.04.2017


Президентнинг «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Унинг матнини ЎзА тарқатди.

 

Ҳужжат билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилди.

 

Илгари фаолият юритган “Ўзкоммунхизмат” агентлиги “Коммунхизмат” агентлигига қайта ташкил этилди ҳамда янги Вазирликнинг бўлинмаси сифатида унинг тузилмасига киритилди.

 

Бу муҳим: Бошқа вазифаларидан ташқари Вазирлик ХУМШлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини аниқлаш бўйича талабларга, кўп хонадонли уйларни техник эксплуатация қилиш қоидалари ва нормаларига, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда сақланишига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш билан шуғулланади.

 

Бунинг учун Вазирлик тузилмасида Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди. Инспекция қуйидагиларни назорат қилади:

 

  • кўп хонадонли уй-жой фондини, унинг атроф ҳудудини сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш ҳамда кўчмас мулк эгалари томонидан хоналарнинг ўзбошимчалик билан қайта режалаштирилишига йўл қўймасликни;
  • умумий фойдаланиладиган жойлар, фасадлар, уй ичидаги муҳандислик коммуникацияларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши ҳамда уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари тизимли амалга оширилишини;
  • уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини;
  • кўп хонадонли уйларни мукаммал таъмирлаш учун жамланадиган кўчмас мулк эгаларининг маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш.

 

Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига:

 

  • кўп хонадонли уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг мавжуд қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича – ХУМШларига ва кўчмас мулк эгаларига;
  • тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш бўйича – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

 

Тақдим этилган кўрсатмалар бажарилмаган тақдирда Инспекция тегишли мансабдор шахсларга (шу жумладан ХУМШ раисларига) жарима солади. Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилади.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Самир Латипов,

экспертимиз.