Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ҳунармандларга янада кўпроқ имтиёзлар берилди

04.12.2019

Читать на русском языке

 

Ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар Президентнинг 28 ноябрдаги қарорида назарда тутилган.

 

Ҳужжат билан қуйидагиларни жорий этиш назарда тутилган:

 

  • Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги. Уни 2020 йил 1 январдан бошлаб очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга туширишлари керак. Каталогга нуфузли халқаро кўргазма, кўрик-танлов каби тадбирлар ғолиб ёки лауреатлари, шунингдек тегишли соҳада санъат ва фан арбоби ҳамда академикларнинг тавсиясига ёхуд “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига эгалар киритилиши мумкин. Махсус кенгаш каталогга киритиш учун номзодларни танлаш билан шуғулланади. Ушбу жараённи тартибга солувчи ҳужжат бир ой муддатда қабул қилинади;
  •  

  • Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри, уни 1 январдан бошлаб шакллантиришни бошлайдилар, келаси йилнинг 1 мартига қадар эса унга онлайн-кириш имконияти пайдо бўлади. Реестр реал вақт режимида янгиланади. Реестрга “Ҳунарманд” уюшмасининг: 
    • туристик маршрутдаги манзил бўйича ўз устахонасида ёки ижара асосида фаолият юритувчи;
    • ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўяётган;
    • Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритилган;
    • “Ҳунарманд” уюшмасининг Бадиий кенгаши томонидан тавсия этилган аъзолари киритилади.

 

Бу ҳунармандларга нима беради? 2020 йил 1 январдан бошлаб, Миллий каталогга киритилган ҳолда улар:

Биринчидан,  2023 йил 1 январга қадар календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар каби ЯСТни 2% ставка бўйича тўлайдилар. Худди шу тартиб Реестрдаги ҳунармандларга ҳам татбиқ этилади;

Иккинчидан, сони бўйича чекловларсиз шогирдлар олишлари мумкин;

Учинчидан, кўргазма заллари, галереялар, павильонлар, бозор ва ярмарка расталарида намойиш қилиш ва сотиш учун жойлар, фаолиятини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларида ер участкалари ажратилишида устуворликка эга бўладилар.

 

“Uzbekistan airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компанияларига  ҳунармандчилик соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва кўргазмаларда қатнашишларида енгиллик яратиш мақсадида  Миллий каталогга киритилган ҳунармандлар учун йўл чипталарига имтиёзлар қўллаш тавсия этилди. Хорижий давлатларда анъанавий тарзда ўтказиладиган бундай тадбирлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

 

Бундан ташқари, келаси йил бошидан бошлаб:

  • ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда тўланадиган давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50%и миқдоригача пасайтирилади. Яъни тўлов миқдори шахсан бориб рўйхатдан ўтказишда 0,5 БҲМ ва интернет орқали – 0,25 БҲМни ташкил этади;
  • шаҳарларда рўйхатдан ўтган “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари, дастлабки 2 йилда Пенсия жамғармасига белгиланган ставканинг 50%и миқдорида суғурта бадалларини тўлашга ҳақли. Бироқ, айнан халқ амалий санъати маҳсулотлари - халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар ва кўникмалар, анъанавий асбоб-анжомлардан фойдаланган ҳолда, асосан қўл меҳнати усулида яратилган ва қоида тариқасида миллий нақшлар билан безатилган буюм ва асарлар халқ амалий санъати маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланишлари шарти билан.

 

2020 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш дастурига 589,3 млрд сўм миқдорида, шундан, 470 млрд сўм ($50 млн) Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан кредитлар киритилган. АТ Халқ банки, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Агробанк” АТБ ушбу манбалар ҳисобидан “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига МБнинг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга, БҲМнинг 250 бараваридан ошмаган миқдорда, фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланган ҳолда кредитлар беради.

 

Кредитлардан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ва “Уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музей ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш учун фойдаланиш мумкин бўлади.


Олег Заманов