Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид чора-тадбирлар белгиланди

24.03.2022

Читать на русском языке

Президентнинг 18.03.2022 йилдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

 

Бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва асосий фаолият соҳасига тааллуқли бўлмаган активларни аниқлаш учун хатлов ишлари амалга оширилади ва улардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Хўжалик жамиятлари устав капиталидаги хусусийлаштириладиган акция пакетлари (улушлари) рўйхати;
  • Оммавий савдолар орқали сотиладиган кўчмас мулк объектлари рўйхати.

 

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига ўн кун муддатда мазкур объектларни 2022 йилда савдога чиқариш графикларини тасдиқлаш топширилди.

 

Ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

  • 2022 йил 1 апрелдан бошлаб, бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкалари аниқланган ҳолларда, улар:

- ҳудуди 2 000 кв. метргача бўлган кўчмас мулк объекти бўлганда – ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади;

- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўлганда – “Yerelektron” ААТ орқали юборилган онлайн-буюртманома уч кун муддатда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилади ҳамда ижобий хулоса берилган тақдирда, икки ҳафта муддатда ушбу участкалар электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади;

  • вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган, уч ойдан ортиқ фойдаланилмасдан бўш турган объект, ижтимоий объектлар бундан мустасно, Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади;
  • ҳудуди 10 000 кв. метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари ҳамда Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси тасарруфига ўтказиладиган қисми чегирилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикасининг бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) бюджетига тенг улушларда тақсимланади.

 

2022 йил 1 апрелга қадар “Ўзагролизинг” АЖнинг операцион самарадорлигини ошириш, мавжуд қарздорликларини таркибий ўзгартириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

 

2022 йил 1 апрелдан бошлаб “Ўзагросервис” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг кўчмас мулк объектлари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

 

“Ўздонмаҳсулот” АКнинг 25 та дон корхонаси 2022 йил 1 июлга қадар, қолганлари эса жорий йилнинг якунига қадар босқичма-босқич савдога чиқарилади.

 

2023 йил 1 апрелга қадар “Universal Mobile Systems” МЧЖни баҳолаш ва сотиш амалга оширилади.

 

Тугатилаётган “Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг бинолари икки ой муддатда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

 

Давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш ва хусусийлаштириш доирасида:

  • 2022 йил 1 октябрга қадар - “Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг акцияларини оммавий жойлаштиришни (IPO) таъминлаш;
  • 2022 йил якунига қадар - “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асакабанк” АТБнинг давлат улушлари савдога чиқарилишини таъминлаш;
  • 2023 йил 1 июлга қадар - АТ “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” АТБ, АТ “Алоқабанк”, “Агро банк” АТБ, “Ўзмиллийбанк” АЖларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO) ишларини ташкиллаштириш топширилди.

 

Бундан ташқари, 2022 йил 1 апрелга қадар алоҳида рўйхатда кўрсатилган ер участкаларини ўрганиб чиқиб, уларнинг устувор равишда мулк ҳуқуқи асосида, мулк ҳуқуқи асосида имкони бўлмаганларини ижара ҳуқуқи асосида савдога чиқаришни таъминлаш топширилди.

 

Қуйидагиларнинг электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши режалаштирилмоқда:

  • 2022 йил 1 июлга қадар - “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимида идоралараро келишувда турган ер участкаларини;
  • жорий йил якунига қадар - қўшимча равишда аниқлаган ҳолда бўш ер участкаларини.

 

Белгиланишича:

  • давлат активларини хусусийлаштириш уларнинг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан, шу жумладан, профессионал ташкилотларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Бунда, профессионал ташкилотларни жалб қилиш орқали хусусийлаштириладиган давлат активлари рўйхати Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланади;
  • профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда қиймати 10 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган активлар бўйича инвесторларнинг таклифлари Агентлик ва бошқа давлат органлари иштирокисиз, жалб қилинадиган профессионал ташкилотлар томонидан тўғридан-тўғри қабул қилинади;
  • Давлат тендер комиссияси қарори асосида талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари ёки давлат улуши бўйича инвесторлар таклифлари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали қабул қилинади, бундан қиймати 10 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган активларни профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда сотиш ҳолатлари мустасно.

 

Лола Абдуазимова.