Ички ишлар вазирининг 07.07.2025 йилдаги 140-сон буйруғи (23.07.2025 й. АВ рўйхат рақами 3651-сон) билан Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун ҳамда Президентнинг 29.11.2017 йилдаги «Ички ишлар органларининг шахсий таркиби билан ишлаш ва улар хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3413-сон қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ундан кўзланган мақсад – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли пунктларида профилактика тадбирларини кучайтиришда Ички ишлар вазирлигининг собиқ ходимларининг амалий тажрибасидан фойдаланиш.
Низомга кўра, пенсионерлар ихтиёрий ва танлов асосида ишга қабул қилинади. Танловда иштирокчилар сони чекланмаган. Танлов шартлари жинси, ёши, ижтимоий мавқеи, миллати ва бошқа белгилари бўйича камситишни истисно қилади.
Ариза берувчида қуйидаги талаблар қўйилади:
- ички ишлар органларида камида 5 йиллик иш тажрибаси;
- ижобий профессионал обрў;
- судланганлиги ва соғлиғига чекловларнинг йўқлиги.
Ички ишлар органлари томонидан ҳар йили жиноятчилик ҳолати оғир бўлган маҳаллалар рўйхати тузилиб, танлов ўтказилмоқда. Номзодлар суҳбат асосида 5 баллик тизимда баҳоланади. Баллар тенг бўлган тақдирда якуний сўз комиссия раисида қолади.
Танлов ғолиблари билан шартнома тузилади. Бажарилган иш учун пенсионерларга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини ривожлантириш жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиясининг 100 фоизи миқдорида ойлик тўлов олинади.
Янги тартиб Ички ишлар вазирлигида иш тажрибасига эга пенсионерларнинг кадрлар салоҳиятидан оқилона фойдаланиш орқали муаммоли ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган. Бу аҳоли ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Ҳужжат Қонун хужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 25.07.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова