Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак оформлять перемещение маркированного товара внутри организации Какой ИКПУ предприятию общепита применить к сету Прозрачное строительство: новые нормы для контроля строительства и реконструкции в рамках госпрограмм Как зарегистрировать товарный знак

ИИВ тўғрисидаги янги Низом тасдиқланди

18.04.2017

 

Президентнинг 12.04.2017 йилдаги ПҚ–2883-сон Қарори билан Ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги янги Низом тасдиқланди.

 

Маълумот учун: ҳужжатнинг эски таҳрири Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.1991 йилдаги 270-сон қарори билан тасдиқланган.

 

ИИВ тузилмасидаги ўзгаришлар давом этди 

 

Илгари биз ИИВ тузилмасидаги айрим ўзгаришлар шарҳини тайёрлагандик. Улар билан бу ерда танишиш мумкин.  

 

Мазкур қарорда қатор тузилмавий ўзгаришлар сақланади:

  • «Тошкент» аэропорти ва «Тошкент-Марказий» вокзалидаги транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармасига бўйсунади;
  • транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари Қорақалпоғистон ИИВ ва вилоят ИИБнинг таркибий бўлинмалари ҳисобланади ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон ички ишлар вазири ва вилоят ИИБ бошлиқларига бўйсунади;
  • шаҳар (туман, транспорт) ички ишлар бўлимларининг ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари бош бухгалтерлари, катта инспекторлари (инспекторлари), катта муҳандислари (муҳандислари), шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишни назорат қилиш бўлинмалари (гуруҳлари) катта инспекторлари (инспекторлари), паспорт бўлинмалари бошлиқлари ва доимий равишда оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда фаолият олиб борувчи жамоат тартибини сақлаш гуруҳлари катта инспекторлари лавозимлари офицерлар таркиби томонидан эгалланади;
  • шаҳар (туман) ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) паспорт бўлинмалари хизматчилари лавозимлари сафдорлар таркиби томонидан эгалланади.

 

«Динамо» жисмоний тарбия-спорт жамиятининг республика кенгаши ижроия аппарати мақоми бўйича ИИВнинг Бош бошқармасига тенглаштирилди.

 

Ўз навбатида Қорақалпоғистон ИИВ, вилоятлар ИИБларининг ЙҲХБ махсус эксплуатация-монтаж бўлимлари (бўлинмалари) ҳамда Тошкент шаҳар ИИББнинг Йўл ҳаракати бошқармаси ҳузуридаги махсус эксплуатация-монтаж бошқармаси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказилди.

 

Низомда ИИВ фаолиятини ташкил этиш мустаҳкамланди

 

Кўрсатилишича, ИИВ ички ишлар органлари тизими фаолиятига умумий раҳбарлик қиладиган ва мувофиқлаштирадиган республика давлат бошқарув органи ҳисобланади. Вазирлик бевосита Президентга, қонунда кўзда тутилган айрим масалалар бўйича эса Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Ички ишлар вазири ўз мақомига кўра Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради

 

Тузилмага Президент томонидан Бош вазир тақдимномасига биноан тасдиқланадиган ва давлат раҳбари томонидан лавозимидан озод этиладиган ички ишлар вазири бошчилик қилади.

 

Вазир Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган 7 нафар ўринбосар, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга. Мажбуриятлар тақсимотига мувофиқ вазир ўринбосарлари вазирлик фаолиятининг аниқ йўналишларига раҳбарлик қилади.

 

Ҳудудий ИИОга вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқлар раҳбарлик қилади. Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири Жўқорғи Кенгес томонидан Ўзбекистон ички ишлар вазири билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

 

Бундан ташқари, ИИВда вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади. Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби вазирнинг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ҳайъат асосий вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

 

Ҳайъат мажлисларига вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни кўриб чиқиш учун бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

 

Ҳайъат унинг мажлисда таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлган тақдирда вазир мустақил равишда қарор қабул қилади, келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради.

 

Шунингдек, ИИВда ИИОлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларини комплекс ҳал этиш учун кенгашлар ва комиссиялар тузилиши мумкин. Уларнинг таркиби ва низомлари вазир томонидан тасдиқланади.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Олег ЗАМАНОВ, 
экспертимиз.