Президентнинг 2026 йил 30 мартдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-50-сон Фармони қабул қилинди.
Кўзда тутилган мақсадлар:
- сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ижро ишларининг 30 фоизи давлат ижрочисининг аралашувисиз ижро этилишини таъминлаш;
- жараёнларни автоматлаштириш орқали ижро ишини юритишни рақамлаштириш ва тезкорлигини ошириш;
- ундирувчилар томонидан фуқароларнинг Конституцияда белгиланган дахлсизлик ҳуқуқларини бузмаган ҳолда айрим мажбурий ижро ҳаракатларининг амалга оширилишига эришиш;
- соҳага халқаро тажриба асосида янгича ёндашувларни жорий этиш.
2027 йил 1 январдан бошлаб:
- сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ахборот тизимларини такомиллаштириш ҳисобидан давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70 фоизи автоматлаштирилади;
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлашда иш юритиш жараёнлари электрон шаклда амалга оширилади;
- ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёнлари рақамлаштирилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари асосида давлат даромадига ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк давлат ижрочисининг қарори асосида бевосита Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади.
Фармонга кўра, айрим тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда унга нисбатан юритилган ижро ишларини давлат ижрочисининг қарори билан тугатиш амалиёти жорий қилинади.
Шунингдек, ижро ишлари доирасида қарздор юридик шахсларнинг хатланган ҳисобварақларига келиб тушадиган маблағлардан иш ҳақи тўлаш ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун фойдаланишга рухсат бериш тизими жорий этилади.
Алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 майдан бошлаб алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда, у тўлиқ қопланмагунча айрим йирик битимларни тузишни, баъзи молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишни чеклаш тартиби жорий этилади.
Ҳужжат билан солиқ қарздорлиги ва муаммоли кредитларни ундиришнинг янги тартиби жорий этилмоқда. У ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулкни электрон онлайн-аукционлар орқали сотишни назарда тутади. Хусусан, юридик шахсларнинг мол-мулкини хатлаш ва кўздан кечириш билан боғлиқ процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш қуйидагилар томонидан амалга оширилади:
- солиқ органининг мансабдор шахси томонидан – солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича;
- банкнинг ваколатли шахси томонидан – гаров билан таъминланган мажбуриятларнинг ижросига оид ҳужжатлар бўйича.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2026 йил 1 апрелдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова



