Президентнинг 30.12.2025 йилдаги "Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт тизимини барқарор ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-398-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидаги асосий мақсадлар белгиланди:
- янги мактаблар қуриш, мавжуд таълим муассасаларини реконструкция қилиш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
- соғлиқни сақлаш ва спорт муассасаларини зарур бинолар, иншоотлар ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, мавжуд биноларни таъмирлаш ва реконструкция қилишни жадаллаштириш.
Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлашни молиялаштириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш жамғармаси ташкил этилади.
Жамғармани шакллантириш манбалари:
- 2026 йил 1 январь ҳолатига республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари маблағлари қолдиғининг 50 фоизи (депозитларга жойлаштирилган вақтинча фойдаланилмаётган маблағларнинг бир қисмини ҳисобга олган ҳолда);
- 2025 йилда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан 2 трлн сўм;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



