Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Илмий тадқиқотлар натижалари қандай тижоратлаштирилади

30.10.2019

Читать на русском языке

 

29.10.2019 йилдаги “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги ЎРҚ-576-сон Қонун эълон қилинди.

 

Илмий фаолият объектлар, ҳодиса (жараёнлар)нинг хусусиятлари, ўзига хосликлари ва қонуниятларини аниқлаш мақсадида борлиқни ўрганиш ва олинган билимларни амалиётда қўллашга йўналтирилган. У фундаментал (назарий ва тажрибага йўналтирилган) ва амалий тадқиқотлардан иборатдир. Жисмоний ва юридик шахслар илмий фаолият тури, йўналиши ва воситаларини танлашда эркинлар ҳамда якка тартибда ёки жамоавий асосда ишлашга ҳақлилар.

 

Олимларга уларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланади. 2020 йилдан бошлаб давлат илмий ташкилотларида илмий фаолият юритувчи шахсларга 48 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган ҳамда моддий ёрдамни назарда тутадиган меҳнат таътили берилади. Бу амалдаги Меҳнат кодекси бўйича максимал берилиши мумкин бўлган таътилдир. Бундан ташқари, илмий ходимларга етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва лабораторияларида, шу жумладан чет элда амалиёт ўташлари ёки малака оширишлари учун 1 йилгача бўлган муддатга таътил берилади.

 

Асосий фаолият тури илмий фаолият юритишга йўналтирилган юридик шахс илмий ташкилот ҳисобланади. Улар илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш билан шуғулланувчи ташкилотлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари ва бошқа ташкилотларни, шунингдек ноёб илмий объектларни ташкил этишлари мумкин.

 

Олий таълим муассасаларида таълим жараёни билан бирга илмий фаолият ҳам юритилади. Бу борада уларда илмий ташкилотлардаги каби ҳуқуқлар бўлади. Илмий фаолият асосий фаолият турига кирмайдиган ташкилотлар илмий фаолият билан шуғулланишлари мумкин. Таъсис ҳужжатлари (низомлари)да белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида ўз таркибида илмий тузилмаларни ташкил этишлари мумкин.

 

Илмий фаолиятни ташкил этиш ва баҳолашнинг алоҳида жиҳатлари белгиланди, масалан, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш (фойда олиш мақсадида фуқаролик муомаласига киритиш) қандай амалга оширилади:

  • илмий фаолият натижаларини қўллаган ҳолда яратилган товарларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилиш ёки ушбу натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
  • таъсисчиси ёки таъсисчиларидан бири устав жамғармасига улуш сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган ташкилот (ёки ихтисослаштирилган аффилланган ташкилот) бўлган тижорат ташкилотларини ташкил этиш;
  • интеллектуал мулк объектларига бўлган мулкий ҳуқуқларни учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объектлардан фойдаланиш ҳуқуқини роялти тўловларига асосланган лицензия шартномаларини тузиш орқали, шу жумладан уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади.

 

Илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш базавий молиялаштириш, илмий лойиҳаларни молиялаштириш, стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантура доирасидаги илмий изланишларни молиялаштириш, ноёб илмий объектларни сақлашни молиялаштириш, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказларини молиялаштиришни ўз ичига олади.

 

Юридик ва жисмоний шахслар ташаббуси билан илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари тузилиши мумкин. Уларнинг таъсис ҳужжатларида маблағларни шакллантириш, йўналтириш, тақсимлаш, илмий изланишларнинг (мавзуларнинг) лойиҳалари ва натижаларини баҳолаш, ҳисобот бериш тартиби аниқ кўрсатилган бўлиши лозим. Бундай жамғармалар ўз фаолияти ҳақида йиллик ҳисоботни эълон қилиб бориши шарт.

 

Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 30.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.