Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

«Имом Бухорий» ордени таъсис этилди

17.08.2022

Читать на русском языке

«Имом Бухорий» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Қонун билан “Имом Бухорий” ордени тўғрисидаги низом ва унинг тавсифлари тасдиқланди. Шунингдек, “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

 

«Имом Бухорий» ордени икки даражадан иборат бўлади: «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени. «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени «Имом Бухорий» орденидан юқори даражада ҳисобланади.

 

«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришганлиги учун:

  • хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;
  • хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;
  • халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар;
  • мамлакатимизнинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний- ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, атоқли олимлар, адиблар, педагоглар ва илмий тадқиқотчилар мукофотланади.

 

«Имом Бухорий» ордени билан:

  • улуғ алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиб, ўсиб келаётган ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги хизматлари;
  • юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган тарихий меросимизни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий-амалий тавсиялар тайёрлашдаги самарали меҳнати;
  • мамлакатимиздаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишдаги фаолияти;
  • «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган ғаразли таҳдид ва ҳаракатларнинг олдини олиш, бундай хатарларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш борасидаги хизматлари;
  • ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ҳамда аҳамиятини ўрганиб, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этишдаги катта хизматлари учун мукофотланади.

 

«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени билан бошқа шахслар ҳам илм-маърифатни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланиши мумкин.

 

«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахсларга БҲМнинг 70 баравари, «Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахсларга эса -  БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.

 

Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида 16.08.2022 йилда эълон қилинган.