Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.2026 йилдаги 520-сонли қарори билан иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришни янада жадаллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.
Ҳужжат давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликни амалга ошириш, шунингдек, давлат институтларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Давлат корхоналари ҳар йили хатловдан ўтказилади
Белгиланган мезонларга мувофиқ, давлат органлари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ҳар йили давлат корхоналари фаолиятини хатловдан ўтказади.
Баҳолаш якунлари бўйича сақлаб қолиш, хусусийлаштириш, тугатиш ёки қайта ташкил этиш таклиф этилаётган корхоналар рўйхати шакллантирилади. Тайёрланган рўйхат тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Бунда хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги ёки капиталидаги давлат улушини хусусийлаштиришдан олдин Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмасининг тегишли фаолият соҳасидаги рақобат ҳолати тўғрисидаги хулосаси талаб этилади.
Давлат муассасалари фаолияти ҳам баҳоланади
Рақобатни ривожлантириш қўмитаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 майга қадар давлат идоралари фаолиятини кўриб чиқади.
Таҳлил натижаларига кўра, бундай муассасаларни хусусийлаштириш ёки тугатиш бўйича таклифлар Давлат активларини бошқариш агентлигига юборилади.
Бундан ташқари, давлат акция пакетлари ёки улушларини хусусийлаштириш режалаштирилаётган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат муассасаларининг фаолият соҳаларида рақобатнинг ҳолати тўғрисида монополияга қарши органнинг хулосаларини тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартиби тасдиқланди.
Давлат муассасаларини хусусийлаштириш, сақлаб қолиш ёки тугатиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартиби алоҳида белгиланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.09.2026 йилдан кучга кирди.





