Президентнинг 27.11.2025 йилдаги "Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ва соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-358-сон қарори қабул қилинди.
2026-2027 йилларда интеллектуал мулк (ИМ) соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари:
- миллий брендларни илгари суриш орқали рўйхатдан ўтган ИМ объектлари сонини 100 мингтага, рўйхатдан ўтган географик кўрсаткичлар сонини 40 тага етказиш;
- Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали экспертиза муддатларини 2 баробарга қисқартириш, соҳадаги идоралараро ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
- патент вакиллари сонини 400 тагача, шунингдек, хорижда малака оширган ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар сонини 200 нафаргача ошириш.
Интеллектуал мулк соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда тартиб-таомилларни соддалаштириш ва уларни ҳуқуқий ва услубий ёрдам кўрсатиш билан бирга тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш учун композит ва проактив шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилади.
Адлия вазирлигининг "Саноат мулки муҳофазаси" ва "IP Protection" ахборот порталлари негизида қуйидаги имкониятларни берувчи "Интеллектуал мулк муҳофазаси" портали ишга туширилади:
- ИМ масалалари бўйича мурожаатларни қабул қилиш, ИМ объектларини рўйхатдан ўтказиш учун келиб тушган аризаларни экспертизадан ўтказиш жараёнларини такомиллаштириш;
- шартномаларни онлайн тузиш;
- интеллектуал мулк масалалари бўйича услубий тавсияларни жойлаштириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг саволларига реал вақт режимида (онлайн) жавоб бериш;
- сохта маҳсулотлар ва веб-сайтлар ҳақида маълумот жойлаштириш.
2026 йил 1 мартдан:
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги биологик фаол моддаларни олиб кириш ва ишлаб чиқаришга рухсатномалар бериш жараёнида Интеллектуал мулк портали орқали ИМ объектларига (товар белгилари ва саноат намуналарига) бўлган ҳуқуқларга риоя этилишини мажбурий тартибда текширади ва (ёки) ўрганади;
- тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлашда суд томонидан ИМга нисбатан ҳуқуқбузарликларга жарима, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чораларининг қўлланилиши рейтинг балларининг пасайиш кўрсаткичи, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларининг мавжудлиги эса қўшимча балл берувчи кўрсаткич ҳисобланади;
- ИМ объектларига муҳофаза ҳужжатлари (гувоҳномалар, патентлар) дубликатларини онлайн тарзда пуллик асосда бериш тартиби жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, технопаркларда Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш, шунингдек, "Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишонини таъсис этиш режалаштирилган.
Ихтирочилар ва новаторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни рағбатлантириш, шунингдек илмий ишланмаларнинг фуқаролик муомаласидаги айланмасини кўпайтириш мақсадида:
- ИМ объектларига бўлган ҳуқуқлардан кредит олиш учун гаров сифатида фойдаланиш мумкин;
- ИМ объектлари гарови тўғрисидаги шартномалар ҳисоби Адлия вазирлигида юритилади;
- 2026 йилдан бошлаб ҳар йили "Энг яхши ихтиро", "Энг яхши фойдали модель", "Энг яхши саноат намунаси", "Энг яхши ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базаси" ҳамда "Энг яхши селекция ютуғи" номинациялари бўйича республика танлови ўтказилади.
Танлов ғолибларига ҳар бир номинация бўйича 1, 2 ва 3-ўринлар учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тегишинча БҲМнинг 150, 125 ва 100 баравари миқдорида мукофот пули тўланади.
Интеллектуал мулк соҳасини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий АКТни кенг жорий этиш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




