Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Иқтисодиётни тиклаш бўйича дастур қабул қилинди

09.09.2020

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2020 йилдаги «2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишни тиклаш ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳаларида тизимли таркибий ислоҳотларни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 526-сон қарори қабул қилинди.

 

Дастур коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этишга, хўжалик юритувчи субъектларнинг инвестициявий ва ташқи иқтисодий фаоллигини тиклашга, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган.

 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк ва бошқа идораларга қуйидаги вазифалар топширилди:

  • 2020 йилда иқтисодиёт асосий секторларининг ривожланишини сақлашга ва 2021 йилдан бошлаб барқарор иқтисодий ўсишни 5–5,5% даражасида таъминлашга йўналтирилган макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш ва бозор институтларини ислоҳ қилишни давом эттириш;
  • банкларни трансформация қилиш ва банк хизматларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳамда уларнинг сифатини оширишни таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган банк тизимини янада ислоҳ қилиш;
  • бандликни таъминлаш ва даромадларини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта амалга ошираётган шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича дастурий чора-тадбирларни кенгайтириш орқали ички талабни рағбатлантириш ва камбағалликни қисқартириш;
  • саноат ва рақобат сиёсатини, маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулотларига ички талабни рағбатлантириш, тармоқлараро кооперация алоқаларини ривожлантириш, саноатнинг стратегик тармоқлари корхоналарида ислоҳотларни давом эттириш асосида такомиллаштириш;
  • инвестиция жараёнларини, маҳаллий инвесторларнинг инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва қўшилган қийматнинг ишлаб чиқариш «занжирлари»ни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишдаги иштирокини рағбатлантириш учун ички манбаларни кенгайтириш йўли билан фаоллаштириш;
  • экспорт қилувчи корхоналарни қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш орқали, савдони молиялаштиришнинг замонавий воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни янги экспорт бозорларига етказиб беришни кенгайтиришда савдо-воситачилик ташкилотларини рағбатлантириш ҳисобига ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш;
  • давлат харидлари тизимида хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш, ҳудудлардаги кичик саноат зоналарини уларга ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмаси объектларини ўтказиш учун қўшимча молиявий ресурсларни ажратган ҳолда ривожлантириш асосида ишбилармонлик ва рақобат муҳитининг қулайлигини ошириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш;
  • ҳудудларда аҳолига комплекс хизматлар кўрсатадиган савдо ташкилотлари тармоғини ривожлантириш, маҳаллий мобиль алоқа операторларининг давлат активларини босқичма-босқич сотиш ва қишлоқ жойларда телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришга хусусий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек 2021 йилда барча ижтимоий муассасалар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллаларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улашни якунлаш ҳисобига хизматлар соҳаси корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва рақамли технологияларни ривожлантириш.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

• 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;

• Иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси».

 

Амалий ҳаракатлар режасида коронавирус пандемияси тарқалишининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларининг батафсил таҳлили, 2020 йилда тиклаш босқичлари ва кутилаётган натижалар қайд этилган. Унда Режанинг асосий мақсад ва вазифалари, макроиқтисодий сиёсат ва бозор институтларини ислоҳ қилиш борасидаги муҳим чора-тадбирлар кўриб чиқилган.        

 

Режа икки босқичда амалга оширилади:

I – 2020 йил охирига қадар иқтисодий ўсишни тиклаш ва барқарорлаштириш. Бунда қуйидаги ўсиш кўрсаткичлари кузатилмоқда:

  • ЯИМ – 102,2%;
  • саноат – 103,4%;
  • қишлоқ хўжалиги – 103,3%;
  • инвестициялар – 101,2%;
  • хизматлар соҳаси – 100,1%;
  • чакана товар айланмаси, шу жумладан умумий овқатланиш – 103%;
  • экспорт – 94,3%.

 

II – 2021 йилдан бошлаб барқарор иқтисодий ўсишни 5–5,5% даражасида таъминлашга йўналтирилган тизимли ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш. Қуйидагилар асосий чора-тадбирлар этиб белгиланган:

  • ташқи қарзнинг ўсишини чеклаш;
  • ташқи қарзлардан самарали фойдаланиш;
  • давлат инвестиция харажатларини оптималлаштириш;
  • божхона имтиёзларини оптималлаштириш;
  • саноат ва рақобат сиёсатини такомиллаштириш; 
  • қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишни давом эттириш;
  • иқтисодиётда ва ҳар бир тармоқда меҳнат унумдорлигини ошириш.

 

«Йўл харитаси»да 2020-2021 йилларда иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш чора-тадбирларини амалга оширишга оид тадбирлар, амалга ошириш механизмлари, харажатлар ва молиялаштириш манбалари, кутилаётган натижалар белгиланган.

 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига қуйидагиларни таъминлаш топширилди:

  • иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари, ҳудудлар кесимида «Йўл харитаси» доирасидаги тадбирларнинг амалга оширилиши тизимли асосда таҳлил қилинишини ва уларнинг Ҳаракатлар режасида белгиланган асосий мақсад ва вазифаларга эришишга таъсирини баҳолашни таъминлаш;
  • «Йўл харитаси»га манфаатдор вазирликлар, идоралар ва уюшмалар билан келишган ҳолда, Ҳаракатлар режасини амалга ошириш самарадорлигини оширишга йўналтирилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;
  • макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга оширишга таъсирини баҳолаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрациясига ҳар ойда ахборот тақдим этиш.

 

2021 йил 1 мартга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқатириш вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.08.2020 йилдан кучга кирди.


Лола Абдуазимова.