Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Чем вам поможет ценовая политика и как ее составить на 2022 год Малый бухгалтерский глоссарий в картинках. Часть III Когда можно не платить проценты, если у вас отсрочка или рассрочка по земельному налогу Как зарегистрировать допсоглашение в Е-ijara

Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари янги институтлар билан тўлдирилди

23.02.2021

Читать на русском языке

18.02.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-675-сон Қонун қабул қилинди.

 

Ўзгартиришларга мувофиқ ЖПКга қуйидагилар киритилади:

 

1Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш – гувоҳ ва жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига биноан сўроқ қилиш, бу суд томонидан амалга оширилади.

 

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш учун асослар, уларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш шартлари, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тартиби ва кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилган шахсни қайта сўроқ қилиш учун асослар белгиланди.

 

2. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув қуйидагилар учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади:

  • жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш;
  • жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш;
  • ЖПКда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш;
  • номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш.

 

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни ўтказиш тартиби ва муддатлари, жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, шунингдек суд ажримини чиқариш, унинг устидан шикоят бериш ва протест келтириш ва бошқалар тартиб-таомиллар белгиланди.

 

3. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув – жиноят ишини юритишни азорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир. У ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан тузилади.

 

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни тузиш шартлари, келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани бериш ва уни кўриб чиқиш, шунингдек айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни суд томонидан кўриб чиқиш, ҳукм чиқариш тартиби ва бошқа тартиб-таомиллар белгиланди.

 

ЖКга 572-модда киритилди. Унга мувофиқ айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори ЖК Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.

 

ЖПКга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ:

  • гумон қилинувчига амалда ушланган ёки жиноят жойида ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири амалда якунланган ёхуд унинг гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқи берилади (илгари – у ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқи берилган);
  • шахс амалда ушланган ёки уни жиноят жойида ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири амалда якунланган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунига қадар унинг ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланади. Бу ҳақда баённома тузилади;
  • ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан (эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайти) эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади. (Илгари – ушланган шахсни ички ишлар органлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга олиб келинган пайтдан муддат белгиланган);
  • гумон қилинувчидан, айбланувчидан ёки судланувчидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан аризалар, тушунтиришлар ёки кўрсатувлар олиш мазкур жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади. Белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно.

 

Ҳимоячининг иштирок этиши мажбурий бўлган ишлар рўйхати тўлдирилди. Энди унинг қуйидаги ишларда ҳам иштирок этиши мажбурий ҳисобланади:

  • суд томонидан дастлабки эшитув ўтказилаётган ишларда;
  • ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича;
  • шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек қамоқда сақлаш, уй қамоғи муддатини узайтириш масаласи кўриб чиқилаётганда;
  • айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар бўйича.

 

Ушбу ҳолатларда ҳимоячидан воз кечилишига йўл қўйилмайди.

 

Тезкор-қидирув тадбирларининг натижалари фақат қонун талабларига мувофиқ олинган бўлса, ЖПК нормаларига мувофиқ текширилган ва баҳоланганидан кейин ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ёки тезкор-қидирув тадбирида иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлганлигидан далолат берса, ушбу натижалар далил сифатида тан олиниши мумкин.

 

Шунингдек бошқа ўзгартиришлар қаторида исботлашда қуйидагилар тақиқланиши белгиланган:

  • шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш;
  • шахсни жиноят ишига гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, бундан экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар мустасно;
  • шахсга унинг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;
  • ушланган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;
  • мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида процесс иштирокчиларини суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва (ёки) сўроқ қилиш. Улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

Шунингдек бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.02.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.