Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Жисмоний шахслар фойдаланилмаётган нотурар объектлар учун ҳақ тўлашларига тўғри келади

21.12.2018

Читать на русском языке

 

Энди улар мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳам оширилган ставкаларда тўлашлари керак бўлади. 100 ЭКИҲдан ортиқ солиқ қарзи бўлганда эса суд орқали қарзларни қоплаш ҳисобидан ундирув объектга қаратилади (18.12.2018 йилдаги ПҚ–4064-сон қарорга қаранг).

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилмоқда: улар соддалаштирилган солиқ солиш тартибидан умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказилмоқда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи эса объектнинг «туриб қолиш» муддатига қараб оширилган миқдорда ундирилмоқда (4.09.2018 йилдаги ПҚ–3928-сон қарор ва шарҳга қаранг).

 

Амалдаги тартибга тузатиш киритилди, бунинг натижасида:

 

биринчидан, мол-мулк солиғи ва ер солиғининг белгиланган ставкаларига оширилган коэффициентлар энди жисмоний шахслар – қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган бинолар, нотурар иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари (мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва эгаллаган майдон ҳажмидан қатъи назар) мулкдорларига нисбатан ҳам қўлланилади. Улардан кўрсатилган солиқлар аввалига 2 карра, ярим йил ўтгандан сўнг – 5 карра, бир йил ўтгандан сўнг ва кейинчалик – 10 карра миқдорда ундирилади.

 

Мазкур ҳолда механизм юридик шахсларга нисбатан қўлланиладиганидан фарқланмайди. Жисмоний шахсларга тегишли фойдаланилмаётган объектлар ёппасига инвентаризация ўтказиш йўли билан аниқланади. Сўнг мулкдорлардан аниқ молиялаштириш манбаларини, муддатлар ва бошқа ҳисоб-китоблар асосланмасини кўрсатган ҳолда аниқланган объект бўйича аниқ «ҳаракатлар режаси» сўралади. Мазкур маълумотлар асосида «йўл харитаси» ва инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. 2 ой муддатда инвестиция лойиҳасини тақдим этмаган ёки амалга оширмаган мулкдорларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш тўғрисида хулоса тайёрланади. Кейинги ойдан бошлаб (хулоса олинган пайтдан эътиборан) солиқлар оширилган миқдорда тўланади.

 

Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаган ёки тақдим этилмаган хусусий мулк объекти бўйича солиқ қарзи текширилади. Агар у 100 ЭКИҲдан ортиқ бўлса, суд тартибида уни қоплаш ҳисобидан ундирув мазкур объектга қаратилади;

 

иккинчидан, энди таъсир чоралари фақат фойдаланилмаётган объектларнинг хусусий мулкдорларига нисбатан қўлланилади. Яъни Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган давлат органлари муассиси бўлган давлат корхоналарига нисбатан энди мазкур тартиб татбиқ этилмайди. Бироқ устав капиталида хусусий инвесторлар билан бир қаторда давлат улуши бўлган субъектларни умумбелгиланган солиқ солиш тизимига ўтказиш ҳамда уларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини оширилган ставкада тўлаши юзасидан амалиётда саволлар юзага келиши мумкин.

 

Гап шундаки, бу ҳолда ким «хусусий» ҳисобланиши юзасидан ягона мезон ва ёндашувлар мавжуд эмас. Илгари муаммо ҳақида батафсил ёзган эдик. 2017 йил 1 апрелдан тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада Мулкчилик шакллари классификатори бўйича кодни кўрсатмай қўйдилар. Ушбу ахборот Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан кўчирманинг тасдиқланган шаклида ҳам мавжуд эмас.

 

Шу муносабат билан у ёки бу ҳуқуқий нормани қўллаётганда юридик шахснинг устав капиталидаги давлат улушининг чекланган миқдорини кўрсатиб, масаланинг ечимини топиш мумкин (масалан, 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармоннинг 1-банди «а» кичик банди 4, 5-хатбошилари; 12.12.2018 йилдаги ПҚ–4059-сон қарорнинг 1-банди 2-хатбошисига қаранг).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.12.2018 йилдан кучга кирди.

 

    Олег Заманов.





 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_