Президентнинг 29.09.2026 йилдаги «Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-209-сон Фармони қабул қилинди. Асосий мақсад – олий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ мутахассислар тайёрлашни таъминлашдан иборат.
2027/2028 ўқув йилидан дуал таълим шаклига қабул корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида амалга оширилади. ОТМлар ҳар йили бакалавриат йўналишлари ва қабул параметрларини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда белгилайди.
Номзодлар тўғридан-тўғри корхона йўлланмаси ёки унинг буюртмасига мувофиқ имтиҳон танлови натижаларига кўра ўқишга киришлари мумкин. Техникумларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг интеграциялашган дастурлари бўйича битирувчилари II ёки III курсдан бошлаб тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқишни давом эттиришлари мумкин.
Таълим олий таълим муассасаси, корхона ва талаба ўртасидаги уч томонлама шартнома асосида олиб борилади. Иш берувчи ҳар ойда талабага ўзининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан МҲТЭКМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўлаши шарт. Ўқишни тугатгандан сўнг талаба ўз тизимидаги корхона ёки ташкилотларда камида икки йил ишлаб бериши керак бўлади.
Ўқув жараёнининг камида 30 фоизини олий таълим муассасасида назарий тайёргарлик ташкил этади, қолган қисми эса корхонада устоз раҳбарлигида ўтади.
Талабалар учун қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган. Хусусан, «Муҳандислик иши», «Ишлаб чиқариш ва ишлов бериш», «Архитектура ва қурилиш» ҳамда «Қишлоқ хўжалиги» йўналишлари бўйича таълим олувчилар учун II курсдан бошлаб қўшимча давлат гранти квоталари доирасида ўқиш имконияти назарда тутилган.
Уларнинг миқдори тегишли давлат буюртмаси параметрларининг 25 фоизини ташкил этади. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун дуал таълим шакли бўйича таълим I курсдан бошлаб Давлат бюджетидан молиялаштирилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб давлат корхоналарга ушбу йўналишларда таҳсил олаётган талабаларнинг иш ҳақи харажатларининг 50 фоизини қоплаб беради. Шунингдек, қабул қилинган талабалар сонига қараб иш берувчиларга тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида қўшимча баллар ва давлат харидларида имтиёзлар берилади.
Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар дуал таълимнинг амалий базасини яратиш учун корхоналар томонидан олиб кириладиган асбоб-ускуналар ва лаборатория асбоблари учун божхона божи ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди.
2027 йил 1 январдан бошлаб талабалар учун менторлар тайёрлаш ҳам бошланади. Битта мураббий кўпи билан 15 нафар ўқувчини назорат қилиши мумкин.
2027/2028 ўқув йили охиридан бошлаб дуал таълим иштирокчиси бўлган олий таълим муассасалари ва корхоналарнинг самарадорлик рейтингини юритиш режалаштирилган. Энг яхши 3 та олий таълим муассасаси ва 3 та корхона эгаллаган ўрнига қараб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1, 2 ёки 3 млрд сўм миқдорида мукофотланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.10.2026 йилдан кучга кирди.





