Марказий банк Бошқаруви қарори билан Кафолатлар бериш ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланди (11.08.2025 й. АВ рўйхат рақами 3662-сон).
Ушбу ҳужжат жисмоний ва юридик шахсларнинг кредит ташкилотлари олдидаги мажбуриятлари бўйича кафолат беришни профессионал тарзда амалга оширадиган юридик шахслар фаолиятини тартибга солиш тартибини белгилайди. Низом кафолат бериш тизимидаги молиявий хатарларни камайтириш, ушбу ташкилотлар фаолиятининг ошкоралиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлашга қаратилган.
Ҳужжатнинг асосий қоидалари:
- Кафолат берувчи ташкилотлар (кейинги ўринларда – ташкилотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган доирада кафолат бериш, кредит ташкилотларига молиявий ресурслар тақдим этиш ва бошқа хизматларни профессионал асосда кўрсатиш ҳуқуқига эга;
- Хатарларни бошқариш бўйича минимал талаблар белгиланган, жумладан:
- молиявий ресурслар ва кафолат портфелини мунтазам таҳлил қилиш,
- ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш,
- ички назорат ва аудит тизимини ташкил этиш;
- Активларни таваккалчилик даражасига қараб тоифалаш тизими жорий этилган: “стандарт”дан “умидсиз”гача бўлган тоифалар билан. Бу асосда эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун резервлар шакллантирилади;
- Ташкилотлар белгиланган муддатларда Марказий банкка ҳисобот тақдим этишлари шарт. Йиллик молиявий ҳисобот мажбурий тарзда ташқи аудитдан ўтказилиши ва ошкора эълон қилиниши лозим.
Пруденциал нормативлар жорий этилди:
- Капитал етарлилик коэффициенти – камида 10%;
- Ликвидликни қоплаш коэффициенти – камида 100%;
- Битта қарз олувчи ва боғлиқ томонлар учун максимал таваккалчилик даражаси бўйича чекловлар;
- Бошқа юридик шахсларнинг устав фондларига инвестициялар учун лимит - ўз капиталининг 20 %дан ошмаслиги керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.08.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усмонова